Шеъриятга ошуфта қалблар...

Шеъриятга ошуфта қалблар...

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва ʼʼИжодʼʼ фонди ҳамкорлигида ʼʼДўрмонʼʼ ижод уйида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ʼʼДўрмон оқшомлариʼʼ мушоира кечаси ташкил этилди.

Мушоирада таниқли шоирлар, ёш қаламкашлар, таниқли санъаткорлар билан бирга, айни дамда ʼʼДўрмонʼʼ ижод уйида меҳмон бўлиб турган шеърият ихлосмандлари ҳам иштирок этди.

Фото: ЎзА

– Шоир учун шеър ўқишга катта майдон зарур бўлса, уни қалбан тушунадиган, дард ва шодликларига шерик бўладиган зиёли тингловчи ҳам керак, – деди устоз шоира Бибисора Туропова. – Катта давраларда шеър ўқиган кишига истеъдод нурлари ёғилаверади. Янада жўшиб, илҳомланиб қалам тебратади. Айнан мушоира ижодкорга истеъдоди орқали шеъриятни забт этишга куч бахш этади.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Даврани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо олиб борди. Мушоирада таниқли шоирлар Ҳайдар Муҳаммад, Бибисора Туропова, Абдулла Шер, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова, Гулбаҳор Жумаева, Ўктамой Холдорова, Ғайрат Мажид, Ойдиннисолар ўзининг Ватан, она ва ишқ-муҳаббат ҳақидаги гўзал шеърларини жўшиб ўқиди, одамлар мароқ билан тинглади, Дўрмоннинг юз ёшли улуғвор чинорлари мушоирани эшитиб, “чапак чалди“...

Фото: ЎзА

–Мушоирани анъанавий давом эттириш ниятидамиз. Ҳафтанинг жума ва шанба кунлари шеърият кечаларини ўтказишни режалаштиряпмиз. Ҳар бир мушоирани буюк ёзувчи ва шоирлар ҳаёт йўлига бағишлаб ўтказишни, бу орқали уларнинг бой маънавий меросини яна бир бор тарғиб қилишни мақсад қилиб олганмиз, – деди шоир Минҳожиддин Мирзо.

Мушоира кечаси қадимий анъаналарга содиқ қолган ҳолда назм ва наво шаклида давом этди. Шоирлар тинмасдан шеър ўқиди, ҳофизлар қўшиқ айтиб йиғилганларни рақсга чорлади. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зарифбой Азизовнинг айтган ашулалари даврага ўзгача файз бағишлади.

Фото: ЎзА

Кўнгилларни покловчи, одамларда эзгулик ва муҳаббат туйғуларини ҳадя этувчи кечалар ҳали кўп бўлади. Атоқли шоира Зулфияхоним айтганидек: Мушоира этади давом...

Дилобар МАМАТОВ, ЎзА

Report Page