Сирдарёда салқин ҳаво, момақалдироқ бўлиши ва ёмғир ёғиши кутилмоқда

Сирдарёда салқин ҳаво, момақалдироқ бўлиши ва ёмғир ёғиши кутилмоқда

@hokimiyatpress
Фото: вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

Республика Гидрометерология маркази ушбу ҳафтада кутиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди, дейилади «Xabar.uz» хабарида.

Бугун Ўзбекистон ҳудуди бўйича хорижий жанубдан иссиқ ҳаво оқими ҳаракатланиши натижасида об-ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди, ҳарорат иқлимий меъёрлардан 3-5 даражага юқори бўлиб, 34-39 даражани ташкил қилади.

25 августда республикамизда об-ҳаво шароитларининг ўзгариши кутилмоқда: эрталаб республиканинг шимоли-ғарбий туманларига, кечга бориб марказий туманларига Волгабўйи ҳудудидан салқин ва нам ҳаво оқими киради. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида кун давомида, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида эса кечга бориб қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 20-25 даража атрофида бўлади, кундузи пасайиб 28-33 даражани ташкил қилади, бу меъёрий кўрсаткичлардан бироз пастдир.

26 август куни республикамиз ҳудудига кирган салқин атмосфера фронти жануби-шарқ томонга силжийди, мамлакатимиз ҳудудининг катта қисмида момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида эса ёғингарчилик тўхтайди. Антициклон таъсирида 26 август энг салқин кун бўлиши кутилмоқда, ҳарорат кечаси 15-18 даража, кундузи 23-26 даражани ташкил қилади. Бундай ҳарорат меъёрдан 6-9 даражага пастдир.

Ҳафтанинг сешанба ва чоршанба кунлари республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин.

Пайшанба ва жума кунлари мамлакатимизда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Антициклон таъсирида тунги салқин ҳарорат сақланиб туради ва 15-20 даража атрофида бўлади, кундузи эса ҳаво аста секин исишни бошлайди ва 28 августда 30-35 даражагача кўтарилиб, ойнинг шу даври учун хос бўлган мъёрий қийматларга яқинлашади.

Report Page