Диний бағрикенглик миллатлараро тотувлик рамзи

Диний бағрикенглик миллатлараро тотувлик рамзи

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Бағрикенглик ўзбек халқига хос бўлган чинакам исломий фазилатдир. У самимият, очиқ мулоқот ҳамда виждон ва эътиқод туфайли вужудга келади. Шунингдек, у фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. 

Халқимизга хос бағрикенглик ҳам ўзининг қадимий илдизларига эга. Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди ва қадр топди.

Яхши биламизки, Ватанимиз қитъалараро маданий-тижорий алоқаларни яхшилашга хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Бу ерда турли халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари ўзаро уйғунликда ривожланган. Демак, ўзбекона бағрикенглигимизнинг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади ва бу борада биз ҳамиша жаҳон аҳлига намуна бўлиб келганмиз.

 Халқимиз шўролар замонида қатағон, қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Натижада корейс, немис, поляк, юнон, қрим-татар, турк, тожик ва бошқа кўплаб миллат вакиллари ўзбек элида муқим яшаб қолишди. Уларнинг зурриётлари эса шу заминда туғилиб-ўсиб, шу ерда таълим-тарбия олдилар.

Ҳозирги вақтда Гулистон шаҳрида байналмилал маданият маркази фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказнинг бугунги кундаги асосий вазифаси миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, турли миллат вакилларининг миллий-маънавий урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолишга кўмаклашиш, бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Гулистон давлат университетининг филология факультетида рус, қозоқ тили ва адабиёти бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Гулистон шаҳрида турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган маҳаллаларда “Ўзбекистон - умумий уйимиз”, “Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат”, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб, ўтказилмоқда.

Табиийки, бу ерда ҳар хил миллат вакиллари ўзларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларга жавобан давлат бошқаруви ишларида, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётда фаол ва эркин қатнашмоқдалар.

Турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва тенг ҳуқуқли тарзда ҳаёт кечиришлари аввало шу жамият гултожи бўлган инсонларга бевосита боғлиқдир. Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатларни қарор топтиришда, аждодлардан мерос миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Л.Ахмедов,

Гулистон шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

Report Page