Сирдарёнинг инвестицион салоҳияти намойиш этилди

Сирдарёнинг инвестицион салоҳияти намойиш этилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 22 август куни биринчи Халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Форумда мамлакатимиз тегишли вазирлик ва идоралари, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, 200 дан ортиқ хорижий компаниялар раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари Гулистон шаҳридаги “Юрт байроғи майдони”да тантанали кутиб олинди. Биринчи Халқаро инвестиция форуми расмий тадбирлари Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ташкил этилди.

Фото: ЎзА

Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов ва бошқалар вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.

Сирдарё мамлакатимизнинг марказий қисмида жойлашган. Вилоят мамлакатимиз Шарқий ва Ғарбий ҳудудларини бир-бири билан боғлаб турувчи муҳим автомобиль ва темир йўлларга эга.

Воҳа пойтахтга яқин, Қозоғистон ва Тожикистон давлатлари билан чегарадош. Бу минтақанинг экспорт-импорт ва транзит салоҳиятини сезиларли оширмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича тўпланган тажриба, саноат ишлаб чиқариш имкониятларининг ўсиб бораётгани вилоятда инвестиция киритиш ва аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратиши таъкидланди.

Фото: ЎзА

Бугунги кунда вилоятда хорижий ҳамкорлар иштирокидаги 140 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда вилоятда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, ҳудудга Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатлар компаниялари вакиллари делегацияси ташриф буюриб, турли соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш истагини билдирмоқда.

Шунингдек, жорий йилда вилоят делегацияси Хитой, Италия, Ҳиндистон ва Беларусь давлатларида бўлиб, 100 миллион долларга яқин инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Ҳудудда қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувлар – пахтачилик кластери ишга туширилиб, гидропоника усулида иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш, логистика марказлари ташкил этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Чорвачилик, балиқ маҳсулотлари етиштириш, паррандачилик йўналишидаги кластерлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, енгил саноат, ипакчилик, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё саноати, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришдаги истиқболли режаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Фото: ЎзА

Форум секция мажлисларида давом этди.

– Сўнгги йилларда вилоятда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кўплаб имтиёз ва қулайликлар тақдим этилмоқда, – деди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. – “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси иш бошлади. Ушбу ҳудудга киритиладиган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилади. Ховос тумани ҳудудида ҳам кичик саноат зонаси ташкил қилинган. У ердаги бўш бино ва иншоотлар тадбиркорларга кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан 5 йил муддатга ижарага берилади. Форум доирасида хорижий инвесторларга шу каби имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Халқаро инвестиция форумида бир қатор хорижий сармоядорлар билан вилоят тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик юзасидан шартномалар имзоланди.

Фото: ЎзА

Тадбирда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, савдо, саноат соҳасида шерикликка доир 30 га яқин келишувга эришилди.

Шу куни меҳмонлар Гулистон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Гуллар фестивали”, “Қушлар кўргазмаси” ва Амфитеатр майдонида ташкил этилган “Қовун сайли”да ҳам иштирок этди.

Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page