LIVE: СИРДАРЁДА ҚОВУН ВА АСАЛ САЙЛИ

LIVE: СИРДАРЁДА ҚОВУН ВА АСАЛ САЙЛИ

@Sirdaryo
Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Шу онларда Гулистон шаҳридаги Олим Хўжаев номли драма театр майдонида “қовун сайли” бўлиб ўтмоқда. Бу ерда 70 турдан ошиқ қовунлар республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда.

Оқолтин туманилик миришкор деҳқонлар байрамда 15 турга яқин қовунлар билан иштирок этмоқдалар, кўкча, оқуруғ, қизилуруғ, амири, обиноввот каби чўл қуёшида нур эмиб етилган қовунларнинг ширинлиги тилни ёради.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-        Жаннатмакон юртимизда чўп суқсанг дарахт бўлади, уруғ ташласанг, кўкариб, сени боқади, бундай асал таъмли қовунлар фақат бизнинг Мирзачўлда етиштирилади, - дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи муовини Равшан Шокиров.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Шу тобда майдонда эл севган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилмоқда. Қовун сайли асносида Сирдарё боғларию гулзорларининг ифори уриб турган асал маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

-Мана уч йилдирки, Мустақиллик байрами арафасида қовун ва асал сайли ўтказилар эди, айтиш жоизки, бу йилги байрам ўтган йиллардагидан-да юқори савияда ўтмоқда, - дейди вилоят ҳокими  ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова. – Биринчидан, бугун эрта тонгдан “Юрт байроғи” майдонида 65 метрлик байроқ  ўрнатилишининг расмий маросими бўлиб ўтди, I - Халқаро инвесторлар форуми иш бошлади, гул ва қуш байрами, қовун ва асал сайиллари ўтказилмоқда. Гулистон илгари мисли кўрилмаган чирой очди, ҳамма ёқда ободонлаштириш, қурилиш ишлари давом этмоқда. Хотин-қизларимиз ҳам қараб туришгани йўқ, меҳмонларни 30 турдан ошиқ миллий таомлар ва пишириқлар билан сийлашмоқда. Маълумки, бу йил қишлоқ хўажлик йилини муваффақиятли бошладик, пилла ва ғалладан ҳосилни давлатга ошиғи билан сотдик.  Мустақиллик байрамига тайёргарликлар авжида, бугунги байрамимизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз олдидан катта репетиция, дейиш мумкин.

Фото: Вилоят адлия бошқармаси

Бугунги танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари билан тақдирланадилар. “Гул байрами”да олий ўрин соҳиби “Спарк”автомобилига, “Қовун сайли”да худди шундай натижага эришган ғолиб  30 миллион сўмга эга бўлади. Иккитадан биринчи, иккинчи, учинчи ўринлар соҳибларини ҳам муносиб мукофотлар кутмоқда. Байрам давом этмоқда.

Сирдарё вилоят
Адлия бошқармаси

Report Page