КЎЗЛАРДАГИ ШУКРОНАЛИК
@SirdaryoХайр ва саҳоват, яъни муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш, инсонпарварлик ҳар бир шахс учун энг олий сифатлардан бири ҳисобланади. Меҳр-оқибатли бўлган халқимиз бугун ҳам ана шу қадриятини яна бир бор намоён қилмоқда.
Президентимиз томонидан юртимизда пандемик вазиятни бартараф этиш учун бир нечта қарор-фармонлар имзоланмоқда. Мазкур ҳужжатларнинг туб моҳиятида инсон тақдири, унинг турмуш тарзини ҳимоя қилиш каби жиҳатлар ётибди.
Гулистон шаҳрининг 4-секторига қарашли бўлган Маданият маҳалласида яшовчи Шаимова Гулбаҳор опанинг 5 қиз 1 ўғил фарзанди бор. Турмуш ўртоғи иккаласи ҳам ҳозир нафақада. Кенжа қизи 2-гуруҳ ногирони. 3 қизини турмушга узатган. Оиланинг моддий аҳволидан маҳалла кенгаши ҳамда 4-сектор штаби аъзолари томонидан доим хабар олинади. Бугун ҳам хонадонга сектор раҳбари маҳалла раиси ҳамроҳлиги ташриф буюрди. Мақсад кўмак учун ажратилган маблағларни эгаларига топшириш.
Шу маҳалланинг Ойшахўжаева кўчасига борилса Дилбар Пардаеванинг хонадонига киришингиз мумкин. Ёлғиз она. Фарзанди билан бирга туради, гапириш ва эшитишдан маҳрум бўлган бу муштипар аёл маҳалладан ёрдам сўраб чиқишгада истиҳола қилади. Ўзининг ҳалол меҳнати билан ўғлини оқ ювиб оқ тараб катта қилди. Турмушнинг машаққатлари ва қийинчиликларига чидади. Бу мушфиқ аёлнинг берилган ёрдамдан мамнун бўлганини кўрсангиз эди. Гапираолмаса ҳам кўзларида шукроналик, миннатдорлик, ҳаётидан рози эканлигини қалқиб турган кўзёшлари ҳам айтиб тургандек гўё....
Шу кўчада яна бир хонадон борки, мазкур уйда ҳам ёлғиз она яшайди. Нафақага чиққан онахон бир ўзи хайҳотдек ҳовлида ёлғиз туради. Мавлуда она Мавлонова шу умидлар билан фарзанд ўстирганмиди...!!! Бир неча йиллардан бери ёлғиз яшайди. Фарзанди алоҳида уйда яшагани боис маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар ва сектор раҳбари томонидан Мавлуда онанинг ҳолидан хабар олиб турилади. Сектор раҳбари ўғлига ҳам иш топиб беришини бир неча марта айтса ҳам, уйини таъмирлашга ёрдам кўрсатишини айтса ҳам аёлнинг ўғли ҳеч кўриниш бермайди. Ёки мана шундай кенг ҳовлини обод қилиб, гулу гулзор қилиб жаннати онасининг дуосини олиб ёнида бўлмайди. Афсус....
Сизга айтиб ўтганларимиз эҳтиёжманд оилаларнинг бир қисми холос...
Ҳудудда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига уч босқичда ёрдам кўрсатилиши билан бирга 15 турга яқин озиқ ва ноозиқ овқат маҳсулотлари ҳомийлар ёрдами билан етказиб турилмоқда. Шу куни 78 та хонадонга моддий кўмак пуллари етказилди.
Мухтасар айтганда, муҳтожга кўмак қўлини узатиш, бир-бирини эъзозлаш, ўзаро хайрихоҳлик халқимизга хос фазилат.
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати