Гулистон туманига 20 дона пахта териш машинаси келтирилди
@SirdaryoДеҳқонларимиз йил давомида қилган меҳнати самарасини кўрадиган, таъбир жоиз бўлса, ғалвирни сувдан кўтарадиган дамлар тобора яқинлашмоқда. Ушбу масъулиятли мавсумга Гулистон туманида ҳам қизғин ҳозирлик кўриляпти.
Туман пахтакорлари томонидан мавжуд 6 минг 200 гектар ер майдонидан 17 минг тонна пахта хом ашёси ишлаб чиқариш учун пухта замин ҳозирланмоқда.
Етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан тез ва сифатли йиғиб-териб олиб, мавсумни муваффақиятли якунлаш кўп жиҳатдан йиғим-теримни тўғри ташкил этишга боғлиқ. Шу мақсадда бугун туман ҳокими Ш.Гафуров бошчилигида мутасаддилар томонидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, пахта терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида тумандаги кластер корхонаси томонидан 20 дона замонавий пахта териш машиналари келтирилди.
Бундан ташқари, жорий йилда пахта йиғим-терими мавсумида қатнашадиган 64 та транспорт тракторлари, 128 та трактор тиркамалари ҳамда 44 та ОВХ пуркагичлар белгиланган дислокация жойларига йиғилиб, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Гулистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати