Оқибат – дунёнинг устуни

Оқибат – дунёнинг устуни

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Мирзаобод туманидаги «Мирзачўл чорваси» фермер хўжалигида Сардоба сув омбори тўғонининг бузилишидан олдин 488 бош қўй, 12 бош от, 30 бош қорамол бор эди.

Фермер хўжалиги узоқ йиллардан буён кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга беғараз ёрдам бериш баробарида мактаб ва боғчаларга сут ва гўшт етказиб берган. Шу боис, бу хўжаликни кўпчилик сирдарёликлар яхши билади. Афсуски, Сардоба сув омборида рўй берган сув тошқини хўжаликка катта талафот етказди. Ҳозирда 28 бош қўй,

7 бош от қолди, қорамоллар эса нобуд бўлди. Ўша куни чўпон Ғафур Мамажоновни ҳам сув оқизиб кетган. Оқим уни Қозоғистон ҳудудига обориб ташлаган. Қозоқ қардошлар уни сув гирдобидан олиб чиқиб, кийим-кечак ва овқат билан таъминлашган.

– Уларнинг кўрсатган ёрдами, меҳрибончиликлари, ширин сўзлари қалбимда жойланиб қолди. Буни умрбод эсимдан чиқармайман, – дейди Ғафур миннатдорчилик билан. – Қардошлар ҳаётимни сақлаб қолишди. Касалхонага олиб боришиб, тиббий текширувдан ўтказишганига нима дейсиз? Дунёни меҳр-муҳаббат қутқаради, дейишгани рост экан. Очиғи, кўнглимдан кечган кечинма ва туйғуларни таърифлашга тил ожиз.

Сув тошқинидан омон қолган Ғафурга юртдошлари ҳам ёрдам қўлини чўзишди. Мирзаобод тумани ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Гулжаҳон Холмуродова кўмагида пойтахтдаги «Чинобод» санаторийсида даволаниб келди.

Офатдан жабрланган сардобаликларга Президент, ҳукуматимиз, тадбиркор ва саховатпеша инсонларнинг кўрсатган ёрдами беқиёс. Шу ўринда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан уч минг нафар жабрланганлар санаторийларда саломатлигини тиклаб келганини ҳам алоҳида ­эътироф этиш жоиз.

Айни пайтда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 66 та тўрт – беш қаватли уйлар қурилиши ниҳоясига етиш арафасида. Бу ғамхўрликлар Ғафур Мамажонов сингари сув тошқинидан жабр чеккан кўплаб инсонларнинг кўнг­лига ёруғлик олиб кираётгани, одатий турмуш тарзига қайтараётгани айни ҳақиқат. Бу меҳр-саховат, қардошлик, инсонийлик дунё устунлари эканининг яққол намоёнидир.

Ҳамза ЭШНАЗАРОВ,

пенсиядаги ўқитувчи, ishonch.uz

Report Page