Иқтидорли ўқувчини танлаш юксак масъулият

Иқтидорли ўқувчини танлаш юксак масъулият

@Sirdaryo
Фото: Ғайрат ЭРНАЗАРОВ / Telegram

Бугун Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Гулистон шаҳрида қад ростлаётган Ҳалима Худойбердиева номидаги ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга иқтисослаштирилган мактаб-интернатга кириш имтиҳонлари бошланиб кетди.

Фото: Ғайрат ЭРНАЗАРОВ / Telegram

Бундай ўқув даргоҳида ўбилим олишни хоҳловчилар сони имитиҳон комиссияси маълумотига қараганда 650 нафардан ошиб кетган. Имтиҳон материалларининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тайёрланиши келажакда ушбу мактаб-интернатда энг иқтидорли ва қалбида ўзбек адабий тилини чуқур ўрганишга чин иштиёқи мавжуд ўғил-қизларимиз таҳсил олишидан гувоҳлик бераяпти. Шуни таъкидлашимиз лозимки, имтиҳон жараёни ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари томонидан назорат қилинмоқда. Имтиҳонни қабул қилишга эса вилоятимизнинг энг кучли педагог-мутахассислари ҳамда Гулистон давлат университетининг ўқитувчи- олимлари жалб қилинган.

— Қабул жараёнида болалардан “Болалигим — пошшолигим”, “Табиат бизнинг дўстимиз”, “Мен севган эртак”, “Онам айтган эртаклар” каби лирик мавзуларни ёритиб бериш талаб қилинади, — дейди Ўзбекистон халқ шоири, Ҳалима Худойбердиеванинг суюкли шогирдларидан бири, шоир ва шу ўринда мактаб директори Муҳаммад Исмоилов. — Улар юқоридаги талабаларга саксон-юз атрофидаги сўздан иборат иншо ва оғзаки суҳбат жараёнида жавоб бериши керак бўлади. Бизнинг вазифамиз эса болалар орасидан иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш ва уларнинг замонавий билим олишлари, ўзбек тилини чуқур ўзлаштиришлари учун муносиб шарт-шароит яратиб беришдан иборат. Бундай топшириқни юртбошимиз жорий йилнинг феврал ойидаги вилоятимизга амалга оширган ташрифи доирасида шу ерда туғилиб ўсган атоқли шоирамиз ва адибамиз Ҳалима Худойбердиева номли мактаб ташкил этиш ташаббуси билан чиққанида олдимизга қўйган эди.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

— Болаларимиз имтиҳон топшириши жараёнини кузатиб бориш учун бизга барча қулай шароитлар яратилган, — дейди Оқ олтин туманидан келган Зулфия Норматова. — Бугун кўпчилик қаторида менинг 5-синфда ўқийдиган қизим Дилором Абдусаттарова ҳам имтиҳон топшираяпти. Директорнинг тушунтиришига қараганда, мактабда тил ва адабиётдан ташқари барча бошқа мактаб предметлари ҳам ўтилади экан. Биз бундан жуда мамнунмиз. Имтиҳоннинг жавобини эса бугуноқ биламиз экан. Дарсларни кучли мутахассислар ўтар эканлар. Шунингдек, агар зарурат туғилса, олий ўқув юртларининг етук мутахассислари таклиф этилар экан. Болаларнинг чуқур билим олишлари учун бундай шароит яна қаерда бўлиши мумкин.

— Болалар олти гуруҳга бўлиниб имтиҳон топширадилар, — дейди имтиҳон олувчи ўқитувчилардан бири, Гулистон шаҳар 5-сонли умумий ўрта таълим макаби тил ва адабиёт ўқитувчиси Мохидил Зияева. — Улар 45 дақиқа ичида 80-100 сўздан иборат иншода фикрларини тўлиқ баён қилиб улгуришлари керак бўлади. Баҳолаш жараёнида ўқувчиларнинг айниқса ижодий кўникмалари, саводхонлиги ва ҳуснихати инобатга олинади. Ва энг муҳими — улар матн изчиллигига риоя қилишидир.

Фото: Ғайрат ЭРНАЗАРОВ / Telegram

Шуни таъкидлаш лозимки, бу ердаги кўпчилик ўқувчилар ҳали ёш бўлишига қарамай, ўзлари мустақил шеърлар ҳам ёзганлар. Гулистон туманидаги 3 ва 7-сонли мактаб ўқувчилари Фания Геннадьева ва Шаббона Холбўтаевалар ўзбек адабиётининг сир-асрорлари билан чуқур таништиргани ва ижод қилишни ўргатганлари учун ўқитувчиси Зухра Сатторовадан миннатдорлар. Оқ олтин туманидан келган Фарангиз Мадаминова ўз шеърларини “Ғунча” журналига топширган. Янгиер шаҳри 2-сонли ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиси Исмоил Мавлонов эса Ҳалима Худойбердиева ҳақида шеър ёзиб, кенг аудиторяларда бир неча марта ўқиб беришга улгурган.

Имтиҳон натижаларига кўра 120 нафар энг иқтидорли ва чуқур билим эгалари бўлган 12—15 ёшли ўқувчилар юқорида номи келтирилган мактаб-интернатга қабул қилиниши кўзда тутилган. Улар олдида Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиевага муносиб издош бўлиб, унинг ижодини давом эттириш, шунингдек, юртимиз фанини, қолаверса, ўзбек адабий тилини ривожлантириш ва янада юксалтиришга қодир етук мутахассис бўлиб етишиш вазифалари турибди.

Ғайрат ЭРНАЗАРОВ,

суратлар муаллифники.

Report Page