Халқ талими вазири ўқитувчиларни умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этишга чақирди

Халқ талими вазири ўқитувчиларни умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этишга чақирди

@Sirdaryo
Халқ талими вазири Шерзод Шерматов

Халқ талими вазири Шерзод Шерматов Facebook'даги саҳифаси орқали таълим тизими ходимларига мурожаат қилди. У ўз мурожаатида 17—18 август кунлари соҳа ходимларидан умумхалқ хайрия ҳашарида фаол иштирок этишни сўраган:

Сизнинг рекламангиз учун жой!

"Урушдан кейин Корея, Япония каби давлатлар халқининг кўмаги ва фуқароларининг таълимга эътибори туфайли қисқа муддатда оёққа турганини кўпчилик юртдошларимиз эшитган, менимча. Уруш давридаги шунча қийинчиликларга қарамасдан бисотидаги бор нарсани, ҳатто тилла тақинчоқларигача бериб мамлакатнинг иқтисодиётини кўтаришга кўмаклашган.

Худога шукрки, бизда тинчлик. Лекин йиллар давомида мактабларга эътибор берилмагани сабабли тизимда жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Уларни фақат биргаликда ҳал этишимиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан 17−18 август кунлари мамлакатимиз миқёсида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Шу муносабат билан барча ўзбекистонликларни ана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда мактабларимизни янги ўқув йилига янада яхшироқ тайёрлашга ёрдам беришга чақирмоқчимиз.

Мактаб обод ва файзли бўлса, фарзандларимиз шу обод жойда ўқиб янада яхшироқ натижалар учун ҳаракат қиладилар. Агар ҳаммаёқ бесаранжом бўлса, худди «синган ойналар» назариясидек аҳвол ва муҳит янада ёмонлашаверади.

Йиллар давомида нафақат таълим, балки бошқа соҳаларда ҳам муаммолар йиғилиб қолган. Уларни ҳал қилиш эса жуда катта пулга бориб тақалади. Иқтисодий аҳволимиз қандай эканини кўпчилик ҳис қилиб турибди деб ўйлайман. Шунинг учун, таълимга ажратилаётган пул етарли эмаслигини биламиз, аммо фалон масалани ҳал қилиш учун қачон пул берилади деб кутиб ҳеч нарса қилмасдан ҳам туролмаймиз. Болаларимиз сентябрдан ўқиши керак.

Тўғри, бунга мажбур эмасмиз, аммо болаларимиз учун, уларнинг муносиб шароитда ўқиб вояга етиши учун шу ишни қилишга чорлаймиз. Айниқса, янги ўқув йили арафасида қурилиш ва таъмирлаш энди якунига етган мактабларни ўқув йилигача тозалаб ўқувчиларни қабул қилишга тайёрлаш жуда муҳим.

Миллат сифатида бирдамлигимизни кўрсатадиган вақт келди. Авлоний айтганидек, таълим-тарбия биз учун ҳаёт ва мамот масаласидир!"

Шерзод Шерматов,

Халқ таълими вазири

Report Page