Бир кунда 100 мингдан ортиқ абитуриент тест синовидан ўтиши мумкин

Бир кунда 100 мингдан ортиқ абитуриент тест синовидан ўтиши мумкин

@Sirdaryo
Қабул – 2020

Маълумки, 2020 йил 20 июль куни олий таълим муассасаларининг бакалавриатига абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш ишлари якунланди.

Рўйхатдан ўтказишда абитуриентларга жорий йилда 5 тагача таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилди.

Бу йил аввалги йилга нисбатан қарийб 40 фоиз кўп абитуриентлар тест синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди, яъни республика бўйича жами 91 та олий таълим муассасаcига кириш учун 1 млн. 484 минг 85 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Ўтган 2019 йилда – 1 млн. 66 минг 926 нафар талабгор бўлган эди. Ўтган йилга нисбатан 417 минг 159 та ёки 39,1 фоиз кўп абитуриент рўйхатдан ўтган.

Таълим шакллари бўйича, кундузги таълим шаклига – 798 608 нафар (53,81 %), сиртқи таълим шакли учун – 648 733 нафар (43,71 %), кечки таълим шаклига эса – 36 744 нафар (2,48 %) талабгор бор.

Рўйхатдан ўтишда жорий йил битирувчилари – 536 144 нафар (36,13 %)ни ташкил этди.

Биринчи танланган таълим йўналишига нисбатан энг катта конкурс Андижон тиббиёт институтида – 1 ўринга 27,81 тани, Тошкент давлат юридик университетида – 1 ўринга 24,35 тани, Тошкент тиббиёт академиясида – 1 ўринга 24,2 тани, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида – 1 ўринга 22,58 тани, Навоий давлат кончилик институтида эса – 1 ўринга 19,5 тани ташкил этди.

Пандемия шароитини ҳисобга олиб, мана шундай катта контингентдаги абитуриентлар учун тест синовларини сифатли ташкил этиш олдимизда турган муҳим масалалардан.

Ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслиги, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетилиши инобатга олиниб, жорий йилда тест синовлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ҳамда очиқ майдонларда ташкил этилади.

Нега айнан стадионлар танланганига келсак. Ҳар бир абитуриентнинг саломатлигини ўйлаб, стадионларда уларнинг ҳар бири учун 6 квадрат метр масофада жой ажратиш кўзда тутилмоқда. Пандемия шароитида очиқ майдонларда тест топшириш эпидемиологик хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради. Чунки ташқарида табиий винтеляция мавжуд. Юртимизда 155 дан ортиқ стадион бор. Тест ўтказиш учун 57-60 та майдон талаб қилинади. Биргина Тошкент шаҳрида бир кунда, икки сменада 20 мингга яқин абитуриентни тест синовидан ўтказиш учун 7 та майдон ўрганилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 3 та стадионда бир сменада 3000 (бир кунда 6000) абитуриентнинг тест синовида иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Республика бўйича бир кунда 100 мингдан ортиқ абитуриентнинг тест синовида иштирок этиши учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилди. Масалан, бу йил Хитой Халқ Республикасида 10 миллион 700 минг, АҚШда 4,5 миллиондан ортиқ, Туркияда 2,5 миллионга яқин абитуриент тест синовида иштирок этди. Уларнинг тажрибасини кузатдик, кўрдик, ўргандик. Энг кўп абитуриент имтиҳон топширган Хитойда ҳам тест синовлари очиқ стадионларда ўтказилди. Уларда ҳар бир абитуриент учун уч квадрат метрдан зиёдроқ жой ажратилган.

Тест синовлари ўтказиладиган стадионлар ва майдонларни тайёрлашда вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар яқиндан ёрдам бермоқда. Жумладан, жойларни стол-стуллар билан таъминлаш, видеокузатув камераларини ўрнатиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, пандемия шароитида абитуриентлар ва назоратчиларни ҳимоялаш чоралари кўрилмоқда.

Тест синовлари 2 сентябрдан бошланади ва кунига 2 марта, ҳаво салқин пайтда ўтказилиб, 14 кунда якунлаш режалаштирилди. Бунда тест синовлари биринчи смена 08:00 да бошланса, иккинчи смена эса 17:00 да бошланади. Куннинг бу пайтида ҳаво салқин бўлади.

Ҳар бир ҳудуд навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминланади. Бинога киришдан олдин абитуриентлар дезинфекция йўлагидан ўтказилади. Уларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, ҳар бир абитуриент алоҳида янги тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланади.

Қолаверса, стадионда абитуриентлар ўтирадиган столларнинг имкон қадар бир-биридан узоқроқ масофада бўлиши, ҳар бир абитуриентга 6 квадрат метр масофада жой ажратилиб, ижтимоий масофа сақланиши таъминланади. Бунда асосий эътибор абитуриентлар ва назоратчиларнинг саломатлигини таъминлашга қаратилади.

Тест синови ўтказиладиган ҳудудга киритишда тана ҳарорати 37 C дан юқорилиги аниқланган абитуриентлар тест синовларига киритилмасдан далолатнома тузилиб, тиббий текширув ўтказиш учун ҳудудга бириктирилган тиббиёт ходимига йўналтирилади. Тиббий текширувдан ўтказилган ва коронавирус касаллиги аниқланмаган абитуриентлар учун республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг тўртинчи куни тест синовлари ўтказилади.

Тест синовлари олдинги йиллардаги каби шаффофлик ва холислик таъминланган ҳолда ташкил қилинади. Абитуриентларни киритишда ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация, бармоқ изи сканери)дан фойдаланилади. Жараёнлар видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказилади. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари тест синовларини телевидения ва test2020.uz сайти орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.

Ҳар бир столда абитуриентлар учун жавоблар варақасини тўлдириш бўйича кўрсатмалар, сув ва ручка бўлади. Бундан ташқари абитуриентларга бош кийим (кепка) ҳам тарқатиш режалаштирилган. Абитуриентларга тест вақти қачон тугаши ҳақида маълумот бериб борилади.

Тест синовлари бошланишидан ўн кун олдин Давлат тест марказининг сайтида ҳар бир абитуриентнинг шахсий кабинетида абитуриент рухсатномаси қўйилади. Ҳар бир абитуриент рўйхатдан ўтганда кўрсатган телефон рақамига бу ҳақда хабар юборилади.

Абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовлари ўтказиш жараёни тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Мажид КАРИМОВ,

Давлат тест маркази раҳбари

ЎзА

Report Page