Ховосда ҳавас қилгудек янги асфальт заводи барпо этилди

Ховосда ҳавас қилгудек янги асфальт заводи барпо этилди

@Sirdaryo
Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами шарафига Сирдарё вилоятининг Ховос туманида янги асфальт заводи иш бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирга ҳозир бўлган вилоят, туман ҳокимликлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси ва тумандаги меҳнат фахрийлари томонидан мовий боғич қирқилиб, янги асфальт завод илк маҳсулотини чиқаришни бошлади.

Тадбир иштирокчилари Япония технологияси асосида Хитойда ишлаб чиқарилган асфальт тайёрловчи кўчма (мобил) заводдаги иш жараёни билан таништирилди.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Қиймати 4 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа 1 соатда 120 тонна, 1 кеча-кундузда 1 минг – 1 минг 200 тоннагача олий сифатли асфальт маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Ушбу кўчма завод ишга туширилиши ҳисобига 12 киши янги иш ўрни билан таъминланди.

Завод ишчиларининг меҳнат қилиши, маданий ҳордиқ чиқариши ва дам олиши учун барча зарур қулайликлар яратилган. Ишчилар 3 маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-бош ва ётоқ жойлари, шахсий гигена ва антисептик воситалар билан таъминланган.

– Ушбу ҳудудда 2 та лойиҳани амалга ошираяпмиз, – дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус муҳандислик-қурилиш бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош муҳандис, майор Норча Астанов. – 109 миллиард сўмлик қийматга эга бўлган биринчи лойиҳада М-34 Тошкент – Душанбе халқаро йўлининг 145-километридан 152-километригача бўлган 7 километрдан оралиқ масофадаги автомобиль йўли тубдан қайта реконструкция қилинмоқда. 

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Ҳозир у йўлга 38 минг тонна асфальт-бетон ётқазилиб, ҳозирча 35 миллиард сўмлик иш бажарилди. Ушбу халқаро аҳамиятга эга бўлган М-34 йўлига 40 дан ортиқ турли махсус техника ва уларнинг бошқарувчиларидан ташқари яна 30 нафардан зиёд йўл қурувчилари жалб этилган.

Иккинчи лойиҳамиз, яъни ушбу асфальт ишлаб чиқарувчи мобил (кўчма) заводни барпо этилиши бўлиб, ҳозир сиз кўриб турган асфальт ишлаб чиқарувчи бу заводнинг барпо этилиши – лойиҳанинг биринчи босқичи. Ушбу заводдаги барча махсус ускуналарни, бутун жаҳонни қамраб олган пандемия сабабли, хориждан ҳеч кимни чақирмай, ўзимизнинг етук мутахассисларимиз ўрнатди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ташаббуси билан хайрия сифатида – бугун фаолиятини бошлаган заводда ишлаб чиқарилган дастлабки маҳсулот шу тумандаги кўп йиллик тариха эга бўлган Ховособод зиёратгоҳининг майдонига, у ерга элтувчи йўл ва пиёдалар йўлакчасига, жами 2 минг квадрат метр жойга асфальт-бетон ётқазилаётгани таҳсинга лойиқ.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Ушбу маҳсулот – Зомин тоғидан олиб келинган тошлар талқон қилиниб, Сирдарёнинг ювилган тоза қуми, Ховос даштларидан қазиб олинган шағал ва маҳсулотнинг зичлигини оширишга мўлжалланган Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган минералли порошок (баъзи асфальт заводалрида унинг ўрнига циментдан фойдаланилади) маҳаллий хомашёларига, фақатгина, ҳозирча Россиядан келтирилаётган битум ҳамда ўзимизнинг тоза сув ёрдамида қориштирилиб олий сифатли асфальт ишлаб чиқарилади.

Бу жараён ана шу кўчма асфальт ишлаб чиқарувчи махсус янги технология асосида амалга оширилади. Ушбу техниканинг яна бир қулай тарафи, тоза сув ва электр таъминоти бўлган хоҳлаган жойга, хоҳлаган масофага кўчирилиб ўрнатилиши мумкинлигида.

Дарвоқе, лойиҳанинг иккинчи босқичида маҳсулот ишлаб чиқариш тури кўпайтирилиб, корхона ўз фаолиятини кенгайтиришни режалаштирганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

– Ҳозирча иш 1 сменада, буюртма миқдорига қараб, ишни 3 сменада ҳам ташкил этиш имкониятимиз бор, – дейди Норча Астанов. – Бунинг учун фақат қўшимча иш кучлари талаб этилади. Ховосда иқтидорлари, олов қалбли ва меҳнатсевар ёшлар хоҳлаганча топилар экан. Бу менга жуда манзур бўлди.

Бундан ташқари, лойиҳанинг иккинчи босқичида маҳсулот турини ошириб, асфальтдан ташқари яна йўл четига ётқазиладиган кичик ҳажимдаги лотоклар, автомобиль йўллари ва пиёдалар йўлакчаси четларига ўрнатиладиган бетон брдёрлар ва 240х60 сантиметр ҳажмдаги қурилиш бетон-плиталарини ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Фото: Фурқат Тошматов / ЎзА

Бу эса ўз навбатида, нафақат йўл қурилишида, балки қурилиш соҳасида ҳам экспорт ўрнини босувчи юқори сифатли маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқарилиши маҳсулот таннархининг арзонлашишига ва қўшимча сарф-харажатларни кескин камайишига сабаб бўлади. Энг муҳими ва энг қувонарлиси эса қўшимча 25-30 та янги иш ўрни яратилади. Демак яна шунча хонадоннинг оилавий иқтисоди яхшиланади, қора қозони қайнайди, дастурхонига қут-барака қўнади.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page