“BUSINESS-START” билан ёш тадбиркорлар ўз фаолиятларига старт беришди (фото)
@SirdaryoТадбиркор нафақат ўзини, балки миллатни ҳам, халқни ҳам, яқин атрофидагиларни ҳам иш билан таъминлайдиган, қора қозоннинг қайнашига ёрдам берадиган инвеститция киритадиган ва янги ғоялар билан яшайдиган фидойи жамият аъзосидир. Ана шундай ҳислатларга эга бўлган инсонгина тадбиркор деган номга сазовор бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармасининг ташаббуси билан 2020 йилнинг 15 август куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда кўриб чиқилган масалалардан келиб чиқиб, ёшларни тадбиркорликка қизиқтириш, бу соҳа билан шуғулланиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг илк Start-Up лойиҳаларига кўмак бериш мақсадида “BUSINESS-START” лойиҳаcи амалга оширилди.
Ушбу лойиҳада Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати ва маънавий-маърифий масалалари бўйича ўринбосари Носиров Отабек Ўралович, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Мадиримов Даниёр Маматсалиевич, Ўзбекитсон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Зайниддинов Шавкат Зайниддинович, вилоятдаги барча тижорат банклари директорлари, “Ёшлар кележагимиз” жамғармаси ходимлари ва вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 100 дан ортиқ ёшлар иштирок этдилар.
Эътиборлиси, ёшларнинг ҳеч бири қатнашувчи сони учун эмас, балки ўз келажакларини тадбиркорлик билан қуриш мақсадида иштирок этиб, кўзлаган ғоялари ҳақида ўртоқлашди. Лойиҳа ёш ва бўлажак тадбиркорларнинг “Бўлажак ишбилармонлар машварати”га айланиб кетди.
Ўтказилган “BUSINESS-START” лойиҳасида ёшлар ўзларини қизиқтирган ва давр талабарини ўз ичига олган бизнес лойиҳалари билан иштирок этиб, инвестор ва тижорат банкларининг масъул ходимларида ўзгача таасурот қолдирдилар. Мутахассислар томонидан салоҳиятли ва самарали деб топилган ёшларнинг бизнес ғоялари маъқулланди ва уларга тижорат банклари томонидан махсус, турли миқдордаги имтиёзли кредитлар берилиши бўйича сертификатларга эга бўлдилар.
“BUSINESS-START” лойиҳаси барча иштирокчилар учун янгича ғоя ва ҳаётий марраларни эгаллашга ундовчи тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Айниқса, сертификат соҳиби ва соҳибасига айланган ёшларнинг қувончини сўз билан тасвирлаш қийин.
-Бугун жуда бахтлиман. Ҳаттоки, туғилган кунимда ҳам бунчалик хурсанд бўлмагандим. Бугун менинг тадбиркорлик фаолиятим туғилди, унинг туғилган куни бугун, деб айтсам ҳам бўлади. Бу сертификат мен учун ишонч ёрлиғи вазифасини ўтайди. Келгусида ўз фаолиятим билан фақат ва фақат халқимизга хизмат қиламан,-дейди лойиҳа қатнашчиси янгиерлик Фарангиз Сангинова.
Бир сўз билан айтганда лойиҳа ёшларинг фаолиятларига старт берди, десак сира муболаға бўлмайди.
Бизни кузатишда давом этинг, Лойиҳамиз давом этади...
Анвар ТУЙЧИЕВ