Сирдарёда “Энг улуғ, энг азиз” танлови вилоят босқичи очиқ осмон остида ўтказилди. Ғолиблар қаторида “Халқ сўзи” мухбири ҳам бор

Сирдарёда “Энг улуғ, энг азиз” танлови вилоят босқичи очиқ осмон остида ўтказилди. Ғолиблар қаторида “Халқ сўзи” мухбири ҳам бор

@Sirdaryo
Фото: "Халқ Сўзи Online"

Гулистондаги “Билимдонлар маскани”да Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” ғоясини ўзида мужассам этган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш тантанаси бўлиб ўтди.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси маълумотига кўра, танловга 71 нафар муаллифнинг жами 1149 та ижодий иши тақдим этилган. Эътиборлиси, бу йилги ижодий ишларда босма ОАВ материаллари, бадиий ҳамда тасвирий санъат асарлари қаторида ОАВ сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар, Телеграмм каналларида эълон қилинган хабар ва мақолалар сони ҳам ортганлиги кузатилди.

Танлов ҳайъатининг хулосасига биноан бадиий адабиёт номинациясида ёш шоир, Гулистон Давлат университети талабаси Рашид Хўжамов биринчи ўрин соҳиби бўлди. Босма ОАВ ходимлари ўртасидаги танловда эса ҳар бир ўринга иккитадан ғолиб сараланди. Унда “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг бўлим мудири Мамадали Аҳмедов ҳамда “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг вилоят мухбири Бозорбой Бекмуродов энг юқори поғонани эгалладилар.

Интернет журналистикаси номинациясида эса ““Халқ сўзи Online” сайти ва “XS.UZ | Энг муҳим хабарлар” расмий телеграмм каналида эълон қилинган мақола ва хабарлари учун “Халқ сўзи” газетаси вилоят мухбири Ахмадали Шерназаров ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, телерадио, тасвирий санъат ва бошқа номинациялар бўйича ҳам энг муносиблар танлов ғолиблари бўлишди.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Айтиш лозимки, бадиий адабиёт номинацияси совриндорлари орасида Сардоба туманилик биринчи гуруҳ ногирони Насиба Абдураҳимова ҳам бор.

-Ўзим юра олмайман,- дейди Насиба Абдураҳимова.- Шундай бўлса-да, бадиий ижод билан шуғулланаман. Ҳаётимизда бўлаётган улкан ўзгаришларни, бунёдкорликларни асарларимда талқин қилишга ҳаракат қилаяпман. Танловга 2018 йилда “Зиё” нашриётда чоп этилган “Соғинч изтироби” номли китобимни топширган эдим. Тўғриси,ғолиблик шоҳсупасига чиқаман, деб ҳеч ҳам ўйламагандим. Мен бугун жуда ҳам баҳтиёрман, негаки, Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами арафасида ёзганларим муносиб эътироф этилди. Ва бундан ногирон бўлсам-да, ўзимни шу жонажон Ўзбекистонимиз равнақига озми-кўпми ҳиссамни қўшгандек ҳис қилдим.

Фото: "Халқ Сўзи Online"

Яна бир жиҳат, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови якунига бағишланган тадбирнинг бу галгиси ҳар йилгидан ўзгача ташкил этилди. Яъни у улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг салобатли ҳайкали пойида, “Билимдонлар маскани” майдонида - очиқ осмон остида, кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари билан биргаликда ўтказилди. Тантана доирасида китоблар савдоси, тасвирий санъат кўргазмалари ташкил этилди. Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг “Энг улуғ, энг азиз” деб номланган гала концерти намойиш қилинди.

Тақдирлаш тантанасида Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Абдуғаниев, Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси Акмал Нуриддинов иштирок этдилар ва ғолибларга вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларини топширишди.

"Халқ Сўзи Online".

Report Page