Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!

Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сирдарё вилоятида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур шиор остида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилмоқда.

Пойтахтдаги нуфузли тиббиёт муассасаларидан келган тиббиёт мутахассислари 3 гуруҳга бўлинган ҳолда Боёвут туманининг узоқ қишлоқларида фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказаётир.

– Туманда 124 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди Боёвут тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Олимжон Бекмуродов. – Аҳоли соғлиғини сақлаш йўлида 91 нафар шифокор, 800 нафар ҳамшира ва 100 нафардан ортиқ кичик тиббий ходимлари меҳнат қилмоқда. Ҳудудда 1 та туман марказий шифохонаси, 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 5 та қишлоқ врачлик пункти ҳамда 1 та кўптармоқли поликлиника фаолият юритади. Ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида туман аҳолисининг 10 мингга яқини кўрикдан ўтказилди. Шулардан 111 нафарига Тошкент шаҳридаги республика шифохоналари, 424 нафарига маҳаллий шифохоналарга даволаниш учун йўлланмалар берилган бўлса, 535 нафар беморга қабул жойининг ўзида аниқ ташхис қўйилиб, зарур муолажалар берилди.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

Ушбу йирик ижтимоий тадбирдан асосий мақсад, биринчи навбатда, ҳудуддаги аҳоли ўртасидаги статистик маълумотларнинг ҳаққонийлигини аниқлашдир. Шунингдек, сурункали кечувчи хасталиги мавжуд беморларни диспансер назоратига олиш ва шу аснода уларни бирламчи тиббий профилактика назоратидан тортиб, профилактикасини тўлақонли ўтказишга қаратилган. Ушбу тадбирда малакали мутахассислар билан бирга аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда фаол иштирок этаётган маҳаллий шифокорлар ўз билим кўникмаси, тажрибасини янада ошириш имкониятига эга бўлади.

Фото: ЎзА

Ҳудуд аҳолисига малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштириш мақсади ташкил этилаётган кўриклар давомида мутахассислар ҳар бир мурожаат қилувчига алоҳида эътибор қаратиб, уларга зарур тавсия ва амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Фото: ЎзА

– Ўттиз йилдан зиёдроқ вақт давомида мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб меҳнат қилиб, ҳозирда нафақадаман, – дейди Янги Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи 67 ёшли Санобар Қодирхўжаева. – Фарзандлар, набиралар қуршовидаман. Кексалик экан, оёғим чалишиб, йиқилиб кетдим. Қўлимнинг суяги ёрилибди. Ташхисни шу жойнинг ўзида қўйиб, муолажа кўрсатишди. Шифокорларга катта раҳмат.

Тадбирлар доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ва мулоқотлар ҳам олиб борилмоқда.

Пойтахтдан келган шифокорлар томонидан вилоятнинг узоқ чекка қишлоқлари аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари жорий йилнинг 21 сентябрига қадар давом этади.

А.Қаюмов, ЎзА

Report Page