“Велосипедчи” ҳам жавобгар бўладими?

“Велосипедчи” ҳам жавобгар бўладими?

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Болалик кайфияти, самолётда учиш завқи, мусаффо ҳаводан нафас олиш ҳаловати, атрофдаги инсонлар билан самимий мулоқот қилмоқчимисиз, уйқудан уйғониб йўл кира излаш дардидан халос бўлмоқчимисиз, велосипедда учинг.

Ўзингизни назорат қилишни ўрганмоқчимисиз? Нафас йўллари, қон-томир, қўл-оёқ мушаклари, оёқ қон томирлари кенгайиши (варикоз), узоқни кўра олмаслик, простата бези касалликларига қарши курашмоқчимисиз, унда “Темир от” мининг.

Аммо, сигнал воситаси йўқ велосипедда йўловчини туртиб юборсангиз, махсус ўриндиқ ва оёқ қўйгичи йўқ велосипедда фарзандингизни қучоғингизда олиб келсангиз, қоронғида олд-орқа томонида нур қайтаргич йўқлиги оқибатида тўхтаб турган машина эшигини очиб сизни ерга қулатса унда “Темир от” бошқариш қоидаларига амал қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ йўл ҳаракати қоидалари қабул қилинган.

Сизнинг рекламангиз учун жой!

“Темир от”ни бошқариш қоидалари

Велосипед-одам кучи билан ҳаракатлантириладиган (ногиронлар аравачасидан ташқари) икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси ҳисобланади.

Йўлда велосипед, аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган, мопедни бошқариш эса 16 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади.

Велосипедлар, мопедлар, аравалар, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар, аравалар жамланмаси, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонлар гуруҳлари ва ҳайдаб кетилаётган ҳайвонлар тўдаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак.

Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Ишора берувчи қўллар

Автотранспорт машиналарида томонларга қайтиш учун ишора чироқлари бор. Аммо, велосипедда йўқ. Велосипедда кетаётган ҳайдовчининг қўллари эса йўналиш чироқлари вазифасини ўтайди.

У чап қўлини ёнга узатса ёки ўнг қўлини ёнга узатган ҳолда тирсакни тепага тўғри бурчак остида букса, бу велосипедчи чапга бурилишини билдирувчи ишора саналади. Ўнгга бурилиш учун эса қўлларнинг ҳаракат тартиби алмашади, холос, яъни таъкидланган тартиблар ўнг ва чап қўлларда бажарилади.

Тўхташ ишораси чап ёки ўнг қўлни юқори кўтариш орқали билдирилади.

Кўриш мумкинки, огоҳлантирувчи ишоралар кўп эмас ва содда. Бинобарин, ишора бериш велосипедни хавфсиз ҳайдашнинг муҳим қисми ҳисобланади.

“Велосипедчи” ҳам жавобгар бўладими?

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари сингари велосипедчилар ҳам ҳуқуқбузарлик учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади. Дастлаб маъмурий жавобгарлик хусусида. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қуйидаги нормалар мавжуд:

— велосипедчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши — энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (136 модда);

— велосипед ҳайдовчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши - энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (138 модда).

— велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида, йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида авария ҳолатини вужудга келтириши — энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (138 модда).

Дарвоқе, велосипедни бошқариш учун махсус ўқув курсларини тугаллаш ва имтиҳон топшириб, алоҳида ҳуқуққа эга бўлиш талаб этилмайди.

Аммо бу рулни велосипеднинг олд, орқа ва ён томонларидаги нур қайтаргич чироқларини ўрнатмаслик, рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно), йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно), габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга ҳалақит берадиган юкларни ташиш каби йўл ҳаракати қоидаларини бузиш дегани эмас.

Шундай экан, ўзингиз ва ўзгалар соғлиги учун йўл ҳаракати қоидаларига амал қилайлик.

Чунки биз машина минишга қизиқадиган, машинани бойлик сифатида қадрлайдиган XIX эмас, машинага кундалик эҳтиёж аммо экология кушандаси, чўнтак, асаб ўғриси сифатида ёндашадиган XXI аср одами, замонавий инсонмиз.

Замонавий инсон эса аввало жамият қонунларига сўзсиз итоат этади.

“STREET LAW” тарғибот гуруҳи
ЎзА

Report Page