Қурбон ҳайити муносабати билан вилоят ҳокими ҳамда вилоятдаги бошқарма, корхона-ташкилот раҳбарлари иштирокида Янгиер шаҳридаги ногирон аёллар "Мурувват уйи"да ҳайрия тадбири бўлиб ўтди.
@SirdaryoИнсон қалбига йўл меҳр-мурувват ва саҳоватдан бошланади. Етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар азалдан маънавий онгимизга сингиб кетган.
Зеро, Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган:
«Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир». (Бақара сураси, 271 оят)
Демак садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинча берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришилади.
Уламолар эҳсонни инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради.
Бугунги кунда ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш борасида қилинаётган ишларни эътироф этмасликнинг имкони йўқ.
Хусусан, Янгиер шаҳридаги ногирон аёллар учун фаолият юритувчи “Мурувват” уйига Қурбон ҳайити муносабати билан Сирдарё вилоят ҳокими, вилоят корхона ва ташкилот рахбарлари ҳамроҳлигида муассасадаги 150 нафардан ортиқ ногирон аёллар ҳолидан хабар олиш учун ташриф буюришди ва ҳайрия тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида яхши тилаклар билдирилиб, байрам дастурхони ёзилди ҳамда ўзбек миллий таомларидан ош тайёрланди.
Мурруват уйи директори Н.Шарипова меҳмонларга ушбу даргоҳда ногиронлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, замонавий жиҳозланган хоналар ҳамда ишловчи ходимлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида сўзлаб берди.
Ҳайрия тадбири якунида ташкилотчилар томонидан мазкур мурувват уйи тарбияланувчиларига турли-туман совғалар улашилди.
Жамиятимизда ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда қолиши мумкин эмас. Вилоят ҳокими бошчилигидаги ҳомийлар гуруҳининг мазкур "Мурувват" уйига ташрифилари чоғида эътиборга муҳтож инсонлар кўнглига йўл топилганлиги бунинг амалий ифодаси десак муболаға қилмаган бўламиз.
Эзгуликка йўғрилган мазкур ҳайрия тадбири кишилар ўртасида меҳр оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани ҳайрли савоб ишлар сари ундашига ишончимиз комил.
Энг асосийси эса бу эзгу ишлар самараси ўлароқ якунда юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин-сочин, қилаётган ишларимизнинг унуми бунданда ошади Ишааллоҳ.