Самога сочилган юлдузларимиз муносиб хотирланди
@Sirdaryo“Хотира – абадий, қадр – муқаддас”
Мана 40 йилдирки 11 август санасини юртимиздаги футбол ишқибозлари алам билан, изтироб билан қарши олишади. Негаки бундан роппа-роса 40 йил муқаддам ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирган ва тобора юксакликка кўтарилиб бораётган шонли “Пахтакор” жамоаси машъум авиаҳалокат қурбонига айланган эди. Шундан бери ҳар йили 11 августда “Пахтакор-79” жамоаси аъзолари хотирланади. Бугун ҳам анъана давом этди...
Бугун нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида Қурбон ҳайити байрами кенг нишонланмоқда. Одатда бу байрамни ҳамма ўз оиласи, яқинлари даврасида шоду-хуррамлик билан ўтказишга ҳаракат қилади. Бироқ, бугун ўзини ўзбек футболининг ҳақиқий мухлиси, деб билган ва футболимизнинг қувончи билан бирга қайғусида ҳам унга шерик бўладиган инсонлар эрталабдан “Пахтакор” стадионига тўпланишди.
Тадбирда жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, марҳум “пахтакор”чиларнинг оила аъзолари ва яқинлари, футболимиз фахрийлари, ёш футболчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб стадионнинг киравериш қисмига “Пахтакор” жамоаси хотирасига бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик пойида кичик йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар самога сочилган 17 нафар ўғлонимиз ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашди, улар ҳақида бу ерга тўпланган меҳмонлар ҳамда ўзбек футболининг эртаси бўлган умидли ёшларга қимматли маълумотлар беришди.
Бугунги тадбирга Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан 54 киши бўлиб ташриф буюрдик, - деди даврада сўзга чиққан отахон. – Сафимиздан ўрин олган кўпчилик инсонларнинг талабалик йиллари Тошкентда ўтган ва биз ўша вақтларда “Пахтакор” жамоаси иштирокидаги ўйинларини қолдирмасдан кўриб борардик. Чунки бу жамоа ўз ўйинлари билан мухлисларнинг меҳрини қозонган, том маънода “халқ жамоаси”га айланиб улгурган эди. Орадан шунча йил ўтса ҳамки ҳалигача уларнинг ўйинларини соғинамиз, қумсаймиз. Уларнинг хотираси қалбимизда мангу яшайди.
Йиғилиш якунида меҳмонлар “Пахтакор” жамоаси хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишди.
Шундан сўнг йиғилганлар пойтахтимиздаги Боткин қабристонига қараб йўл олишди. Бу ерда бунёд этилган “Пахтакор-79” аллеяси ёнида ҳам марҳум “пахтакор”чиларнинг оила аъзолари, жамоа фахрийлари, “Пахтакор” фан-клуби аъзолари, собиқ футболчилар самога сочилган юлдузларимизни ёрқин хотиралар билан ёдга олишди.
О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА