ОНЛАЙН НАЗОРАТ КАССА ТЕХНИКАСИ – ТАДБИРКОРГА ЯҚИН КЎМАКЧИ

ОНЛАЙН НАЗОРАТ КАССА ТЕХНИКАСИ – ТАДБИРКОРГА ЯҚИН КЎМАКЧИ

@Sirdaryo
Фото:ДСБ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди. Бу борада Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг 1 январидан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига онлайн назорат касса машиналарини босқичма босқич тадбиқ этиб, дастлабки босқичида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига онлайн назорат касса машиналари тўлиқ ўрнатилди.

- Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 1333 та онлайн назорат касса машиналари ўрнатилган дейди, - Вилоят ДСБ давлат солиқ бош инспектори Рустам Абдуқодиров. - Шулардан 257 таси дорихоналар, 527 таси алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш объектларида, 100 таси АЁҚШда, қолган қисми озиқ-овқат ва бошқа савдо шоҳобчаларида ўрнатилган. Тегишли тартибда онлайн назорат касса машиналари ўрнатган бўлишига қармасдан айрим тадбиркорлик субъектлари улардан фойдаланмаётгани ўтказилган ўрганишлар давомида маълум бўлмоқда. Уларга нисбатан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиб, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таништирилмоқда.

Онлайн назорат касса машинларини тадбиркорлик субъектларини фақатгина назорат қилиш учунгина эмас балки, уларнинг фаолиятида қулайликлар яратиш учун ҳам жорий этилаётганлигини уларнинг ўзларига ҳам маъқул бўлмоқда.

- Бизнинг шоҳобчада ўрнатилган онлайн назорат касса машинаси бир вақтнинг ўзида тўлов терминали вазифасини ҳам бажаради, - дейди “Нафосат стм”дорихонаси иш юритувчиси Мавжуда Турдиева. - Илгари иккита қурилмани ишлатардик, энди пластик карта терминали ҳамда касса машинаси бу - битта қурилмада ишлайдиган бўлди. Бундан ташқари, сотаётган дорилар, тиббиёт воситалари номи ушбу техникада кўриниб туради. Бу эса маҳсулотларимизни ўзимиз учун сарҳисоб қилиб, қайси дорилар кўпроқ сотилаётганлигини билиб, келгусида эҳтиёж ортиши ёки камайишини олдиндан билишимизга сабаб бўлади. Дорихонамизда дориларнинг доимий захирасини юритишимизга, танқис бўлишининг олди олинади.
Фото: ДСБ

Яратиб берилаётган шароитлардан оқилона фойдаланилмаса, яъни тадбиркорлик субъектлари томонидан назорат-касса техникаларини ишлатмаса қонун ҳужжатларида тегишли тартибда жавобгарлик чоралари қўлланиши белгиланган. Хусусан Солиқ кодексининг 221-моддасига биноан назорат касса машинасини қўлламасдан савдо амалга оширилса, харидорга чекларни бермасдан фаолият олиб борилса, терминаллар орқали тўловларни қабул қилиш рад этилса, рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасидан фойдаланилса ёки бузилган назорат-касса техникаларидан фойдаланилганда беш миллион сўмдан йигирма миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Дўконга кирган харидор хариди учун чекни талаб қилиш орқали нақд пул маблағларининг хуфиёна айланишини қисқартириш ва бу орқали солиқларнинг бюджетга тушишини тўлиқ таъминлаш билан бир вақтда, тадбиркорни мавжуд қонун қоидаларга риоя қилишга ўргатади, савдо маданиятининг оширишга туртки бўлади. Яна бир жиҳат, чекни олдими - демак харидор ўз ҳақ-ҳуқуқларининг паймол бўлишининг ҳам олдини олади, чунки истеъмолчи талабларининг кўриб чиқилишига касса ёки товар чеки асос бўлиши қонунларимизда кўрсатиб ўтилган.

Дилшод Донияров,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Сайёр солиқ текшируви бўлими бошлиғи

Report Page