Сардобалик деҳқон иродасини – пандемия ҳам, сув тақчиллиги ҳам, тошқин ҳам енга олмайди!

Сардобалик деҳқон иродасини – пандемия ҳам, сув тақчиллиги ҳам, тошқин ҳам енга олмайди!

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сардоба тумани миришкорлари жорий мавсумда жами 10 минг гектар майдонда парваришланаётган қимматбаҳо пахта хом-ашёсидан 25 минг тонналик хирмон чошлаш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда.

Туманда мавжуд 126 та пахтачилик фермер хўжаликларининг 3 минг, “Индорама” пахтачилик-тўқимачилик кластерининг 7 минг гектарида етиштирилаётган пахтадан ўртача 30 центнердан ҳосил кўтариш режалаштирган.

Хизмат сафаримиз чоғида пандемиянинг авж олиши сабабли карантин чоралари кучайтирилганига қарамай, туман далаларида иш қизғин бораётганига гувоҳи бўлдик.

Ер куррасидаги глобал исиш, қолаверса, жорий йилнинг 1 май кундаги “Сардоба” сув омборининг ўпирилиши туфайли айниқса, Сирдарё вилоятида юзага келган сув тақчиллиги миришкор деҳқонларнинг юмушини янада мушкил қилди.

Фото: ЎзА

– Сув тошқини сабаб салкам 1 минг 500 гектар ғалла майдони жиддий зарар кўрди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Искандар Тожиев. – Шунга қарамай, туман ғаллакорлари 72 минг тоннадан ортиқ, шундан 107 тоннаси олий навли уруғлик дон ишлаб чиқариб, ҳосилдорликни ўртача 70 центнердан ошириб уддалади. Ғалладан бўшаган майдонларни шудгор қилиш ишларини қисқа фурсатларда охирига етказамиз. Жорий мавсум ғалладан бўшаган майдонларнинг 10 минг гектарига такрорий экин экишимиз лозим эди, аммо сув тақчиллиги сабабли 6 минг гектар ерга такрорий экин экилди.

Август – ҳосил йиғиш ойи эканини яхши англаган сардобалик деҳқонлар пандемия туфайли жорий этилган карантин, сувнинг ҳар йилгиданда тақчил келганига қарамай, туман пахта далаларида ғўза парвариши меъёрида. Олиб борилаётган ишларни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида тумандаги “Пахтаобод” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги 87 гектарлик экин майдонига эга бўлган “Наргиз” фермер хўжалиги даласига ташриф буюрдик.

Жорий мавсумда фермер хўжалиги миришкорлари туманда биринчилардан бўлиб 50 гектарлик ғалла майдонининг ҳар гектаридан 72 центнердан ҳосил кўтариб, 350 тоннадан ортиқ сара дон ишлаб чиқаришни уддалади.

– Кўриб, гувоҳи бўлиб турганингиздек, 33 гектарлик пахта даламизда 30 дан ортиқ мавсумий ишчиларимиз ғўзани такрорий чилпиш ишлари билан банд, – дейди ушбу фермер хўжалиги иш бошқарувчиси, тажрибали деҳқон Бахтиёр ака Холмуродов. – Улардан ташқари яна 10 нафардан ортиқ доимий ишчимиздан 4 сувчимиз ғўзамизга учинчи сувни тарашни бошлаб юборди. 5 нафар механизаторимизнинг 3 нафари ғуза орасига, 1 нафари такрорий экинимизга ишлов бериш ва яна 1 нафари эса далаларимизга менирал ва маҳаллий ўғитларни етказиб бериш билан машғул.

Фото: ЎзА

Деҳқончиликда, август — ғўза ҳосилига ҳосил қўшиш ойи дейишади. Шу сабабдан, бугунгача пахтамизнинг ҳар гектарига 600 килодан менирал уғит бериб, худди шунчадан маҳаллий ўғитни шарбат усулида оқиздик.

Хўжалик раҳбари Ихтиёр Холмуродовнинг айтишича, отасининг насиҳатларини олиб кам бўлмабди. Ғалладан ҳосили соз бўлибди, ғўзанинг авжи ҳам чакки эмас экан. Далада тракторлари ишлаб, тагида янги автомобили елиб турибди. Оғилда қўй-молию омборда дон-дуни бисёр экан.

– Оиламизда 3 ўғил 1 қизнинг тўнғичиман, – дейди “Наргиз” фермер хўжалиги раҳбари Ихтиёр Холмуродов. – Ота армия хизматидан қайтгандан сўнг, ишчи, сувчи, механизатор, бригада бошлиғи бўлиб 40 йил деҳқончилик касби ортидан бизни уйли, жойли, касб-ҳунарли қилди. Фермер хўжалигини менга топшириб, бугун ҳам хўжалигимизда иш бошқарувчи бўлиб, ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқда.

Доимий ишчиларимиз учун ишни икки сменада ташкил этганмиз. Улар 3 маҳал иссиқ овқат, карантин қоидаларига риоя этилган ҳолдаги ва ҳар куни 1-2 маротаба дезинфекци қилиб борилаётган ётоқ билан таъминланган. Мавсумий ишчиларимиз эса бир маҳал иссиқ овқат ва қатнов транспорти билан таъминланган.

Фото: ЎзА

Хўжаликнинг 6 та – ҳайдов, чопиқ ва оғир транспорт воситамиз, 10 бош қорамолимиз бор. Ишчи-хизматчиларимизга берган сут ва сут маҳсулотларнинг ортган қисмини, карантингача, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига, айни пайтда эса панддемия сабаб аҳолига арзон нархларда етказиб бераяпмиз.

Жамоа аъзолари жорий мавсумда ҳар гектар ердан 33 центнердан ҳосил кўтариб, 100 тоннадан ортиқ уруғлик пахта етиштиришни режалаштирган. Фермер хўжалиги механизаторлари томонидан ғалладан бўшаган 50 гектардан ортиқ майдон тўлиқ ҳайдалиб, сув тақчил бўлгани сабаб, 20 гектарига экилган мош аллақачон гулга кирибди.

Қисқача қилиб айтганда, хўжаликда барча ишлар бадастур, ишлар агротехника ва карантин қоидларига тўла риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Сирдарё вилоятининг энг чекка туманига уюштирган хизмат сафаримиздан, сардобалик деҳқонларнинг иродасини пандемия ҳам, сув тақчиллигию тошқини ҳам енга олмаслигига гувоҳ бўлиб, ортга қайтдик. 

Меҳнат қилишдан асло ҳорманг ва толманг, хирмонингизнинг баракасини берсин, сардобалик бобо деҳқонлар!

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Report Page