"Инсон ўз бахти учун масофадан қўрқмаслиги лозим”. Хитойлик қиз Сирдарёга келин бўлди

"Инсон ўз бахти учун масофадан қўрқмаслиги лозим”. Хитойлик қиз Сирдарёга келин бўлди

@Sirdaryo
Фото: kun.uz

Kun.uz сайтига мактуб йўллаган навбатдаги мухлисимизнинг ёзганлари кўпчилик учун қизиқ туюлиши табиий. Илҳомжон Кенжебаев акаси ўз бахтини узоқ Хитой давлатидан топгани ҳақида мактуб йўллаганидан сўнг Чин юртига куёв бўлган Муроджон билан боғландик.

– Муроджон, тақдирингиз Чин давлатига боғланиш тарихини сўзлаб берсангиз?

– Биз Гулистон шаҳридаги Улуғобод маҳалласида яшаймиз. Хитойга бориб ўқиш менга болаликдан орзу эди. Сабаби, Хитой жуда улкан, дунёда етакчи давлатлардан бири, мен оддий ишчи оиласида таввалуд топганман, отам эрталабдан кечгача ишда бўлар, онам эса уй бекаси эди. Ёшликдан китоб ўқишни жуда ёқтирардим. Менга Муҳаммад Алининг “Мен кўрган Америка” асари жуда ёққанди. 17 ёшимда Россияга бориб ишлашга қарор қилдим, у ерда салкам 3 йил юриб яхши-ёмонни танидим. Кейин жамғарган маблағимга Хитойда ўқишга қарор қилдим ва Гуанчжоу шаҳрига келдим. Guangdong University Of Foreign Studies ОТМда 2014 йилдан 2016 ёзигача хитой тили бўйича ўқидим.

Хитойда ўқишга кириш учун авваламбор жиддий имтиҳон топшириш керак эди. Хитой тили жуда мураккаб, кейинчалик аниқ бир соҳани танлаш керак эди. 2016 йили Хитой ҳукуматининг стипендия тақдим этилувчи танловида қатнашиб, араб тили йўналиши бўйича ғолиб бўлдим. Ростини айтсам, бу жуда қийин кечди, хитойлик талабалар билан биргаликда хитой тили орқали араб тили ўқишни бошладим. Факультетимиз фақат тил ўрганиш билан боғлиқ ва мен араб тилини хитойликлар билан бирга ўрганган биринчи чет эллик бўлдим.

Дарсдан бўш вақтларимда спорт билан шуғулланишни хуш кўрардим. Бўлажак турмуш ўртоғим Ли Тинг (李婷) билан ҳам 2015 йилда спорт залида танишганмиз. Ўшанда у биринчи курс талабаси эди. Кўп танишларим аёлинг уйғурми, деб сўрашади. Йўқ, у Хитойнинг ханзу миллатига мансуб. Ханзулар ёки ханлар бу давлатнинг асосий миллати ҳисобланади. Шу даврагача бир-биримизни синадик. Инсонни қийинчиликларда билиб олса бўлади. Талабалик ҳаёти осон эмас, ўқиш учун уйдагиларга оғирлигимиз тушмасин деб, у билан бирга таржимонлик қилганмиз, иш қидирганмиз. Вақт ўтиши билан бир-биримизга жуда яқин бўлиб қолдик. Мана, тақдиримиз қўшилган экан, шу йилнинг 1 август куни тўйимиз бўлиб ўтди. Ҳозир ҳаммамиз хурсандмиз.

– Ота-онангиз Хитойдан келин олиб келишга қаршилик қилишмадими? Ҳарқалай жуда узоқ давлат, бошқа дин, бошқа маданият...

– Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бошини қовуштиришда минг марталаб ўйланади. Дадам розилик берганларидан кейин ҳам онам кўнмайроқ турди. Биргаликда бу розиликни уч йил кутдик. Мен Ли Тингни ўзим билан бирга олиб келиб таништирдим, шароитимизни борича кўрсатдим. У барча шартларини тушунган ҳолда динимизни қабул қилди. Шундан кейин ҳар икки томоннинг розилиги билан тўй бўлиб ўтди. Энди, узоқлигига келсак, ҳозир дунёнинг исталган чеккасига етиб бориш имконияти бор. Фикримча, инсон ўз бахти учун масофадан қўрқмаслиги лозим.

Фото: kun.uz

– Тўйга Хитойдан ҳам меҳмонлар келишдими?

– Албатта. 12 нафар меҳмонни ота-онам ўзбекона анъаналаримизга мувофиқ кутиб олишди, роса меҳмондорчилик қилишди. Юртимизни айлантирдик. Ўйлайманки, мамнун бўлишди.

– Келиннинг шароитимизга кўникиши қийин кечмасмикан?

– Юқорида айтганимдай, мен ҳамма нарсани борича кўрсатганман. Инсон бир-бирига суянса, қийинчиликларни енгиб ўтади, деб ўйлайман. Қолаверса, Ўзбекистон ҳам кун сайин ривожланаётган давлат, кўпчиликдан қолишадиган жойимиз йўқ. Соғинч қийнаши мумкин албатта, лекин бориб-келиб турамиз.

– Режалар қанақа, ишқилиб келин сизни Хитойга олиб кетиб қолмайдими?

– Аксинча, мен яхши мутахассис бўлиб юртимга хизмат қилишни ният қилганман ва аёлим буни яхши билади. Яқинда мен яна ўқишга кетишим керак, Ли Тинг ўқишни тугатган, у Ўзбекистонда қолади ва режамиз бўйича шу ерда ишлайди. У ўз она тилидан ташқари инглиз тили бўйича ҳам мутахассис. Мактаблардан бирида болаларга хитой тилидан дарс беришни ният қилиб турибди.

Фото: kun.uz

 – Сизларга сайтимиз номидан оилавий бахт тилаймиз.

– Раҳмат.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ОАВда Хоразмга келин бўлиб тушган япониялик ҳамда фарғоналик йигит билан тақдирини боғлаган англиялик қизлар ҳақида маълумотлар берилганди.

 kun.uz | Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Report Page