ТАДБИРКОР ХОНАДОНИДА МАҲОРАТ ДАРСИ

ТАДБИРКОР ХОНАДОНИДА МАҲОРАТ ДАРСИ

@Sirdaryo
Фото: Элёр Жўраев / Telegram

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими томонидан ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга ўтган олти ой мобайнида 246 миллион сўм миқдорида кредит олишга амалий кўмак берилганди. Бунинг эвазига 64 нафар гулистонлик хотин- қизлар ўз бизнесларини йўлга қўйди. Бу саъйи ҳаракатлар натижасида 147 та янги иш ўрни яратишга муваффақ бўлинди.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

O`zlidep Cирдарё вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими ҳамда Гулистон шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бугуннинг тадбиркор аёли” мавзуида маҳорат дарси ўтказилди. Тадбиркор Санобар Жўрабоева хонадонида ўтказилган тадбирда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган уй бекалари, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ҳудуддаги уюшмаган ёшлар, тадбиркорлик қилиш истагидаги аёллар қатнашди.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

Санобар Жўрабоева асли шифокор. Кўп йиллар соҳада самарали фаолият юритиб пенсияга чиққан аёл турмуш ўртоғи билан бамаслаҳат уй шароитида дуккакли маҳсулотлар ва зираворларни қадоқлаб маҳаллий бозорга олиб чиқишди.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

-Чиройли, бежирим идишларга қадоқланган маҳсулотларимиз дастлабки кунданоқ ўз бозорларимизда харидорларини топди,- дейди Санобар опа.-Аста-секин қандолат маҳсулотлари, қуруқ меваларни қадоқлашни ҳам бошладик. Натижа ёмон бўлмади.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

- Ўз бизнесини ривожлантирмоқчи бўлган Санобар Жўрабоевага “Микрокредитбанк” вилоят филиалидан 22 миллион сўм миқдорида кредит олишига амалий кўмак берилди,- дейди вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Сабоҳат Бабаева.- Бунинг натижасида ўз тадбиркорлигини ривожлантириш эвазига “EXCLUSIVE MARKETING ART” масъулияти чекланган жамиятга асос солинди. Қадоқлаш мосламасини сотиб олган тадбиркорларнинг ишлари янада юришиб “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги сертификатланган маҳсулотга қўшни Қозоғистондан талабгорлар кўпайди.

Фото: Элёр Жўраев / Telegram

Тадбиркор аёл уй шароитида ҳам қандай қилиб самарали натижага эришганлиги ҳақида маҳорат дарси иштирокчиларига батафсил сўзлаб берди.

-Бугунги кунимиз ниҳоятда самарали бўлди,-дейди Ирода Ҳусаинова.- Санобар Жўрабоеванинг фаолияти кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Муҳими, инсонда истак, интилиш бўлса бас. Оиласи фаровон, турмуши тўкин бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Дилором ЭСОНОВА,
O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Report Page