Виртуал оламдаги фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!

Виртуал оламдаги фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Афсуски, юртимизда қонунда белгиланган нормаларни бузиб, ўзгалар ҳисобига роҳатда яшамоқчи бўлган кимсалар учраб турибди. Улар турли баҳоналар ва хатти-ҳаракатлар орқали инсонларнинг ишончига кириб, алдов йўли билан мўмайгина даромадга эга бўлмоқдалар. Аммо уларнинг хурсандчиликлари узоққа чўзилмай, фирибгарликни ўзига касб қилган шахслар ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олиниб, қонун олдидаги жавобгарлиги таъминланмоқда. Чунки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. 

Бугунги кунда янгича иш услуби билан хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари жиноят ва унинг асоратларига қарши курашиш билан бирга, жамиятимизда юз бераётган ҳар бир ҳуқуқбузарликни чуқур таҳлил этган ҳолда, унинг келиб чиқиш сабаблари, жиноятлар содир этилишига замин яратаётган омилларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олиниб, жиноятлар сони йил сайин камайиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида содир этилган жиноятлар сони 14 633 тани ташкил этган бўлса, ушбу жиноятлардан 1 574 тасини, яъни 20,3 фоизини фирибгарлик жинояти ташкил этди. 

Мазкур рақамларни ўтган йилги фаолият натижалари билан таққослайдиган бўлсак, 2018 йилнинг 6 ойида умумий жиноятлар сони 21 568 тани, унинг таркибида фирибгарлик жинояти 21,82 фоизни яъни 2 942 тани ташкил этган эди. 

Юз берган жиноятларга эътибор қаратадиган бўлсак, Андижон шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган Сардор исмли фуқаро ҳам ана шундай фирибгарлардан бирининг тузоғига илиниб қолган. 2018 йилнинг 30 июль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи 1964 йилда туғилган Бобур исмли шахс уни Корея Давлатига ишлашга боришига ёрдам бераман деб айтиб, унинг ишончига кирган. Шундан сўнг Сардор 13 700 АҚШ долларини Бобурга бериб юборган. Сардорнинг ишонувчанлигидан фойдаланган Бобур эса пулларни олиб, ваъдасини бажармай пулларини ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборган. Кейинроқ алданганини сезган Сардор Андижон шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ИИБ ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Бобур қўлга олинган. 

(Юқори ва қуйида қайд этилган ҳолатлардаги шахсларнинг исмлари қонунчиликда белгиланган нормаларга мувофиқ ўзгартириб берилган.)

Фирибгарлар мақсадини амалга ошириш йўлида ҳеч нарсадан тоймайди. Айниқса бугун жаҳон бўйлаб ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий топиб бораётган бир вақтда фирибгарлар интернет тармоқларидан кенг фойдаланиб, одамларни алдаб чув тушириб кетишга уринмоқдалар. 

Шу йилнинг 17 февраль санасида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи Холида исмли аёл ички ишлар органларига мурожаат қилиб, унда интернет тармоғидаги “Apple New” реклама сайти орқали ўзини Қозоғистон Республикаси фуқароси Жаден Гулдана деб таништирган аёл “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали Холида билан гаплашиб, у 2 дона “iPhone XS” мобиль телефони сотиб олса, унга яна 1 дона мобиль телефонини қўшиб беришини айтиб ишонтирганлигини, сўнг 2018 йил 26 декабрь куни Холида Қўқон шаҳридаги банкнинг халқаро электрон пул ўтказмаси орқали Ж.Гулдана номига 1 200 АҚШ долларини юборганлиги, лекин мобиль телефонини ҳам, пулларини ҳам қайтариб ололмаётганлигини маълум қилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган.

Фуқароларимизни огоҳлантириш мақсадида бу каби ҳолатлар ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида чоп этиб келинмоқда. Аммо қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, бир тарафдан республика ички ишлар органлари ходимлари фуқаролар алдовлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида тинимсиз тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришига қарамай, айрим фуқароларимиз бунга аҳамият бермай интернет сайтлари орқали арзон нархларда маҳсулот олишни кўзлаб, ўз билганча йўл тутмоқда. Натижада эса...

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 1988 йилда туғилган Алишер ҳам ана шундай алданиб қолган шахслардан биридир. 2018 йилнинг сентябрь ойида номаълум шахс интернет тармоғидаги “Olx.uz” онлайн-эълонлар сайти орқали “Ласетти” автомашинасини 4 300 АҚШ долларига сотмоқчи эканлиги ҳақидаги эълонни жойлаштирган. Унга Алишер қизиқиш билдираётганини билган номаълум шахс автомашина Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтганлигини, шундай бўлса-да автомашина Беларусь Республикасида эканлиги, агарда Алишер келишилган пулни юборса, номаълум шахс автомашинани Ўзбекистон Республикасига олиб келиб, унинг номига расмийлаштириб беришликни айтган.

Унинг ёлғон сўзларига ишонган Алишер 2018 йил 7 сентябрь куни “Mikrokreditbank” АТБ Тошкент вилояти бошқармасининг “Western Union” халқаро пул ўтказмаси хизмати орқали Дилором Зиядова исмли шахс номига келишилган 4 300 АҚШ долларини юборган. Афсуски, шу кунга қадар Алишер автомашинани ҳам, юборган пулларини ҳам қайтариб ололмаган. Унга ваъда берган номаълум шахс эса телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган. 

Ўз ўрнида Алишернинг 2019 йил 5 июль куни ички ишлар органларига қилган мурожаатига асосан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу каби ҳолатлар бутун жаҳон мамлакатлари қарши кураш олиб бораётган кибержиноятларнинг бир тури ҳисобланади. Юртимизда ҳам мазкур жиноятга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Энг аввало инсонлар онгида кибержиноят тушунчаси нима эканлигини шакллантириш, унинг турлари, ушбу кибержиноят содир этилишида жой, вақт ва макон танламаслиги, масофадан туриб ҳам ушбу жиноятни амалга ошириш мумкин эканлиги тушунтирилмоқда. 

Кибержиноят жамият учун янги хавфдир, кечагина киноларда кўраётган виртуал оламдаги жиноятлар бугун инсонларнинг кундалик ҳаётига кириб келган. Агар интернет сайтлардаги янгиликларга эътибор қаратадиган бўлсак хориж мамлакатларидаги банкларни хакерлар ёрдамида ўмариш ҳолатлари, турли зарарли комюпьтер дастурлари орқали бошқа бир компьютер технологияларини шикастлаш ҳаракатлари, турли ютуқли ўйинларни таклиф этиш орқали одамларнинг пулларини алдов йўли билан ўзлаштириб олувчи дастурлар яратилганлигининг гувоҳи бўламиз.

Юртимизда эса айнан ушбу омиллар инобатга олинган ҳолда виртуал оламдаги жиноятларнинг олди олиниши юзасидан ички ишлар органлари ходимлари томонидан кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Ўз ўрнида юртдошларимиз компьютер ва мобиль алоқа воситаларидан фойдаланган вақтида янада ҳушёр бўлишларини сўраб қоламиз. 

Мирзо Улуғбек Мадалимов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ходими

ЎзА

Report Page