Сирдарё вилояти ҳокими мамлакатимиз қурувчиларига байрам табригини йўллади 

Сирдарё вилояти ҳокими мамлакатимиз қурувчиларига байрам табригини йўллади 

@hokimiyatpress
Фото: Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев

Муҳтарам дўстлар!

Ҳурматли қурувчилар!

Сиз, азизларни – мамлакатимизнинг қурилиш соҳасини равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни бугунги касб байрамингиз – Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ айёмда сизларга ўз номимдан, халқимиз номидан эзгу тилаклар ва чуқур миннатдорлик билдираман.

Дунёда касблар кўп. Ҳаммасининг ҳаётда, инсон тақдирида ўз ўрни бор. Лекин қурувчилик касби ҳақида гап кетганда унинг жамиятдаги яратувчилик ўрни, мамлакатимиз ободлиги, замонавий шаҳарсозлик асосида қурилаётган кўркам иншоотлар, обод қишлоқлар ва турли маданий-маиший объектлар кўзимиз олдида гавдаланади... 

Сўнгги бир неча йил ичида вилоятимизда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” лойиҳалари асосида шаҳарлардан қолишмайдиган ўнлаб янги қишлоқлар, маҳаллалар барпо этилди. Замонавий талабларга жавоб берадиган кўркам иншоотлар, уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, улардаги шарт-шароитлар сирдарёликлар турмушига мазмун бағишлади, қувончу шодлик олиб кирди.

Бугун ҳаётимизга кириб келган “Сити” тушунчаси нафақат пойтахтимиз ва бошқа йирик шаҳарларгагина хос бўлмай, ҳар бир вилоятнинг чекка ҳудудларига ҳам кириб келгани қанчалик қувонарли ҳодисадир. Бунга биргина “Ховос сити”ни мисол қилиб келтириш мумкин. Шунингдек, бошқа туман марказларида ҳам шу каби янги иншоотлар, мавзелар, дам олиш марказлари бунёд этилмоқда. Энг муҳими, эълон қилинган карантин шароитда ҳам қурувчиларимиз карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўз ишларини давом эттиришаётганликлари чин маънода ватанпарварликнинг ўзгинасидир.

Албатта, бу йил вилоятимиз аҳли учун янада синовли тарзда ўтмоқда. Бундан уч ой олдин Сардоба сув омборида рўй берган сув тошқини туфайли Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги ўндан ортиқ маҳаллаларнинг аҳолиси ўз уй-жойларидан ажралиб, бошпанасиз қолган бир пайтда бутун Ўзбекистон халқи оёққа қалқди - сирдарёликларга кўмакка отланди...

Айнан тошқин юз берган жойларга бир неча марта ташриф буюриб, сув тошқинидан зарар кўрган аҳоли вакиллари билан учрашган муҳтарам Президентимиз кутилмаган офатдан саросимага тушган одамларга таскин бериб, “Ҳеч бирингиз уйсиз-жойсиз қолмайсиз, уйингизни тиклаб берамиз, янги уйлар қуриб берамиз” деган гаплари сирдарёликларга мадад бўлди, кўнглини тоғдай кўтарди. Ўшанда Юртбошимиз кўпи билан 2-3 ой ичида тошқиндан жабр кўрган одамларнинг уй-жойлари тўла таъмирланиб, бошпанасиз қолганларга янги уйларнинг калитлари топширилишини таъкидлаган эди.

Мана, ўша интиқиб кутилган кунлар келди. Матонатли, лавзиҳалол қурувчиларнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари, жазирама саратон иссиғидаги машаққатли меҳнатлари самараси кўзга ташланди. Янги маҳаллалар, обод кўчалар, кўркам турар-жойлар Сардоба, Оқолтин ва Мирзаободга ҳусн бағишлади. Бошқача қилиб айтганда, бунёдкорларнинг толмас билаклари, олтин қўллари боис чўл бағрида мўъжиза рўй берди. Тошқин туфайли уйларидан ажралган аҳоли янги, обод манзилларда янада мазмунли ҳаёт бошлади, дейиш мумкин. Барча шарт-шароитларга эга янги уйларга кўчиб кираётган одамларнинг шодликлари бир олам. 

Бу ишларни том маънода сирдарёликлар учун асрга татигулик воқелик десак, муболаға бўлмайди. Айни фурсатдан фойдаланиб мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келиб, вилоятимиз қурувчилари билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётган, жазирама чўл қуёши остида сирдарёликлар учун кўркам уй-жойлар қуриб бераётган барча қурувчиларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. 

Ғайратингизга, ҳимматингизга, шижоатингизга, жасоратингизга балли, азиз қурувчилар!

Қўлларингиз асло толмасин! Дилдаги энг яхши тилакларимизни қабул айланг, азиз бунёдкорлар! Байрамингиз муборак бўлсин!

Сирдарё вилояти ҳокими
Ғофуржон Мирзаев

Report Page