МАВСУМ ТААССУРОТЛАРГА БОЙ

МАВСУМ ТААССУРОТЛАРГА БОЙ

@Sirdaryo
Фото: sirdaryo.kasaba.uz

Инсон томонидан ёқтириладиган жамики нарсалар, кишилару жойларнинг барчаси йиллар давомида, ўша болалик паллалардан шаклланиб боради.

Эртамиз эгалари бўлмиш болажонларнинг ёзги таътил давомида мароқли дам олиши, келажаги учун фойдали бўлган машғулотлар билан банд бўлишини таъминлаган ёзги соғломлаштириш масканлари бутун ёз давомида фаолиятда бўлди.

– Бу йилги ёз мавсумида вилоятда 5 минг нафар болалар, шундан икки минг нафари стационар, уч минг нафари кундузги оромгоҳларда дам олдирилиши режалаштирилган эди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. – Натижалар қувонарли, қарийб икки ярим минг нафар бола стационар оромгоҳларда, 12 минг 400 нафар бола кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.

Кундузги оромгоҳлар гарчи мактаб ҳудудида бўлса ҳам, кўргазмали қуроллар ёрдамида бутунлай янгича қиёфага киритилди. Бундай ўзгариш ўқувчи учун ижобий таъсир қилиб, қизиқиш уйғотади. Бунда албатта, мактаб ҳудуди, оромгоҳ тарбиячилари муҳитни мактабдан, машғулотларни дарсдан фарқли тутуши муҳим.

Оромгоҳ шунчаки ўйингоҳ бўлмаслиги, фарзанд бу ерда доимий равишда янгиликлар қабул қилиши, нима ўрганганини ҳар куни ота- онасига айта олиши лозим.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг бешта муҳим ташаббуси акс этган тўгарак ва кўрик- танловлар янгиликка ташна бўлган болажонлар истиқболи учун муҳим қанот бўлди. Барча кундузги оромгоҳларда 20 та тўгарак фаолияти, машғулот хоналари ташкил этилиб, амалда фаолиятда бўлди.

Айниқса, истеъдодларни тарбиялаган тўгарак фаолияти бўйича вилоят миқиёсида танловлар ўтказилиши самарадорликни оширди. Жумладан, қўғирчоқ театри ва ёш драматурглар, ёш шахматчилар, ёш рассомлар ва ёш дастурчилар кўрик- танлови мавсумнинг кутилган тадбирларидан бўлди. Ҳудудларда ғолиб деб топилган ўғил- қизлардан иборат жамоалар вилоят босқичида иштирок этишди. “Энг яхши драма ва қўғирчоқ театри жамоаси” танлови вилоятнинг 2 – сонли мусиқа мактабида ўтказилди. Унда Гулистон, Ховос ва Боёвут туманилик ёшлар кетма кетликда 1-,2- ва 3- ўринларни эгаллашди. Эътиборлиси, барча танлов иштирокчиларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Бу албатта, болажонлар учун унутилмас лаҳзаларга айланди ва соҳага қизиқишни орттириб келажак учун пойдевор ясади. Ўша қизиқишлар камолга етганда эса жамиятнинг мустаҳкам таянчи ва мамлакат келажагининг муҳим кафолати таъминланажак.

Таъкидлаш керакки, касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг фарзандлари соғломлаштирилишига доимий эътибор бериб келган. Бу йил ҳам вилоятда стационар турдаги оромгоҳларда меҳрибонлик уйи ва эҳтиёжманд оила фарзандларининг 60 нафарини соғломлаштириш режалаштирилган эди, амалда 180 нафар болажонлар касаба уюшма бюджети маблағи ҳисобидан дам олдирилди. Шунингдек, 610 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари орқали мавсум давомида соғломлаштирилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Report Page