Гулистон шаҳар Давлат хизматлари марказининг бир куни

Гулистон шаҳар Давлат хизматлари марказининг бир куни

@Sirdaryo
Фото: Дилфуза Жарбекова / Telegram

Августнинг қуёш қиздираётган кунларининг бирида аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, мурожаатчиларга яратилган қулайликлар, умуман иш жараёни билан танишиш мақсадида Гулистон шаҳар Давлат хизматлари марказида бўлдик.

Ташқаридан киришингиз билан кенг ва шинам, салқин залнинг баҳаволиги, ходимларнинг майин табассуми қалбингизга илиқлик олиб киради.

Марказга ташриф буюрувчиларнинг сони, ходимларнинг иш жараёнларини кузата туриб, бу ерда ишнинг тўғри ташкил этилганлигига гувоҳ бўлдик ва марказ директори Ином Юлдашев билан танишиб, бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Гулистон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 41 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаатлар эса 236 тани ташкил этди. Статистик маълумотларга кўра, марказимизда давлат хизматларидан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда.

Фото: Дилфуза Жарбекова / Telegram

Марказга ташриф буюрувчиларни бирин-кетин суҳбатга тортдик.

-Марказга 2014 йилда туғилган қизимни уйимизга яқин бўлган 11-сонли МТМга жойлаштириш учун электрон навбатга туриш мақсадида мурожаат қилдик, - дейди Гулистон шаҳрида яшовчи Абдуллоҳ ва Моҳина Аҳмадийлар. – Эр-хотин икковимиз ҳам ўқитувчимиз, мактабда ишлаймиз. Кун бўйи ишда бўлганимиз сабабли фарзандимизни боғчага жойлашга эҳтиёжимиз бор. Мана, ҳозир бизга 56-навбатда эканлигимиз ҳақида маълумот беришди. Марказдагиларнинг муомиласидан, хизмат кўрсатишларидан мамнун бўлдик.

Яна бир мурожаатчининг мамнун кайфияти бизни мулоқотга чорлади.

-Ишга жойлашаётганлигим сабабли, судланганлик бўйича маълумотнома зарур бўлиб қолди, - дейди Гулистон шаҳрида яшовчи Сардор Наимов. – Кеча тушдан кейин келиб, зарур ҳужжатларни тақдим этган эдим, мана бугун эрталабданоқ маълумотномани олиб кетяпман. Илгаригидай оворагарчиликлар йўқ, мурожаат билан келувчиларга қулай шароитлар яратилганидан ва маълумотнома олиш анча осонлашганидан хурсандман.

Ҳозиргина Сардор олган маълумотнома бўйича марказ директори Ином Юлдашев қуйидагиларни сўзлаб берди:

-Ҳақиқаттан ҳам, фуқароларнинг қимматли вақти ва маблағи сарфланишига сабаб бўлган судланганлик ҳақида маълумотнома олиш эндиликда марказимиз орқали 2 иш куни ичида ҳал этилмоқда. Олдинлари бу маълумотномани олиш учун туман ИИБ масъул ходимига мурожаат этувчининг паспорт нусхаси берилиб, 5-6 иш кунигача кутиларди. Чунки туман ИИБ мурожаат этувчиларнинг паспорт нусхаларини олиб, маълумотномага муҳр қўйдириш учун вилоят ИИБга бориб келишга мажбур бўлган. Эндиликда судланганлик ҳақидаги маълумотнома олиш учун Давлат хизматлари марказларига фуқароларнинг ўзи келиб мурожаат этади ёки Давлат хизматларидан электрон фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. 

Кун давомида турли хизматлар бўйича марказга келувчиларнинг кети узилмайди. Яна бир мурожаатчини суҳбатга тортдик.

-Марказга келишимнинг сабаби хонадонимдаги электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини қиёсловдан ўтказмоқчиман, - дейди Гулистон шаҳрида яшовчи Иброҳим Усмонов. – Марказ ходимлари анкета тўлдириб, тегишли корхонага жўнатишди. Уч-тўрт кунда ҳал бўлади, дейишди.

Бу мурожаат бўйича ҳам Ином Юлдашевдан изоҳ сўрадик

-Электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ечиш ва ўрнатиш бўйича хизматлар Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилмоқда. Фуқаро давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. Талабгор ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими талабгор номидан анкетани электрон равишда тўлдиради. Шундан сўнг анкетани талабгорнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва 20 дақиқа ичида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва мажбурий ижро бюросига электрон шаклда юборади. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва мажбурий ижро бюроси ходимлари анкета келиб тушгандан сўнг 3 иш куни ичида ҳисобга олиш ускунасини далолатнома тузган ҳолда ечиб оладилар.

Ҳисобга олиш ускунаси қиёслашдан ўтказилгандан сўнг ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва мажбурий ижро бюроси ходимлари 3 иш куни ичида анкетада кўрсатилган манзилга бориб, ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, пломба қўйиб беришади.    

Фото: Дилфуза Жарбекова / Telegram

Гулистон шаҳрининг “Улуғобод” қўрғонидан ташриф буюрган Унсиной Ҳамдамова эса “Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги масала юзасидан марҳум отасига тегишли ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича мурожаат этганлигини ва тегишли тартибда тўловларни тўлаганлигини айтиб, Гулистон шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини олиб кетишга келганлигини маълум қилди.

Агар давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланишни истасангиз, Давлат хизматлари марказидан электрон рақамли имзо (ЭРИ) олиш керак бўлади. Марказдагиларнинг тасдиқлашича, электрон рақамли имзо олиш учун 5 дақиқа кифоя. Ушбу имзо 2 йил муддатга очилади ва хизматдан фойдаланганда шахсни тасдиқлаш учун зарур бўлади.

Яқиндан бошлаб марказда электрон навбат тизими йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатчилар кўп бўлган вақтларда жуда қўл келмоқда.

Дилфуза Жарбекова

Report Page