Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги DVB-Т стандартида эфирга берилаётган телеэшиттиришлар 15 августдан тўхтатилиб DVB-Т2 стандартида узатилади

Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги DVB-Т стандартида эфирга берилаётган телеэшиттиришлар 15 августдан тўхтатилиб DVB-Т2 стандартида узатилади

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Ўзбекистонда ер усти рақамли телевидениенинг Европа стандарти қабул қилинган. Яъни DVB-T стандарти. DVB-Т бу, DVB - инглизча Digital Video Broadcasting (рақамли видео узатиш), Т/Т2-инглизча Terrestrial (ер усти) яъни рақамли видеодастурларни эфир орқали узатиш стандарти демакдир.

kun.uz'нинг ёзишича, мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтишнинг илк даврларида рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти қўлланилган эди. Ушбу стандарт орқали 12 та теледастур эфирга узатилган. Йиллар давомида телевидение ривожланиб, рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти такомиллаштирилиб, DVB-T2 стандарти яратилиши билан мамлакатимизда ҳам ушбу стандартдаги телеузаткичлар ўрнатилди. DVB-T2 стандартининг DVB-T стандартидан энг асосий афзалликлари сигналнинг халақитбардошлилиги ва узатиладиган каналлар сонини 17-18 тагача етказиш мумкинлигидадир.

Қайд этиб ўтиш керакки, 2017 йилдан бугунги кунга қадар республикада Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси теледастурлари (“O‘zbekiston”, “Yoshlar”, “Toshkent”, “Sport”, “Navo”, “Dunyo bo'ylab”, “Madaniyat va ma'rifat”, “Bolajon”, “Kinoteatr”, “Oilaviy”, “Mahalla”, “O'zbekiston 24”) 2 та стандартда, яъни ҳам DVB-T ва ҳам DVB-T2 стандартларида параллел равишда узатиб келинмоқда. Бу эса телеканалларнинг бир-бирини такрорлаши, ортиқча ресурс ва сарф-харажатларга олиб келаётганди.

Шу муносабат билан, “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение” давлат унитар корхонаси томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги 2012-2013 йилларда ўрнатилган DVB-T стандартида ишловчи рақамли телеузаткичларни (Сирдарё вилояти ҳудудида 32 ТВ канал (частотаси 562 МГц), Тошкент вилоятининг Ангрен ҳудудида 44 ТВ канал (частотаси 658 МГц), Бекобод ҳудудида 27 ТВ канал (частотаси 522 МГц), Оҳангарон ҳудудида 35 ТВ канал (частотаси 586 МГц)) 2019 йил 15 августдан DVB-T2 стандартига ўтказилади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, DVB-T стандартидаги рақамли сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизор ва тюнер қурилмалари

DVB-T2 стандартида узатилаётган теледастурларни қабул қила олмайди. Ҳозирда Республика ҳудудларига узатилаётган нодавлат (“Mening Yurtim”, “Мilliy TV”, “Uzreport TV”, “Zo’r TV”, “Futbol TV”, “Sevimli TV”) телеканаллари дастурлари DVB-T2 стандартида узатилмоқда. Ушбу нодавлат телеканалларни телевизорингиз кўрсатаётган бўлса, билингки, Сиз DVB-T2 стандартида кўраётган бўласиз. Келгусида ишга тушириладиган янги телеканаллар ҳам DVB-T2 стандартида узатиб берилади.

Шу сабабли, DVB-T стандартида узатилаётган рақамли теледастурларни кўриб келаётган аҳоли DVB-T2 стандартини қўллаб-қувватловчи қурилмаларни (тюнер ёки замонавий русумдаги телевизор) ўрнатишлари лозим бўлади. Натижада янгидан-янги ишга туширилаётган телеканалларни томоша қилишлари мумкин. Эски авлод телевизорлари ёки DVB-T стандартидаги сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизордан фойдаланувчилар DVB-T2 стандартидаги рақамли тюнер қурилмасини улаган ҳолда қўшимча телеканалларни кўришлари мумкин.

Тавсия: Янги телевизор харид қилаётганда, ушбу телевизорда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнер бор-йўқлигига эътибор қаратиш лозим. Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақида батафсил ахборот берилган бўлади. Бундай телевизор рақамли телевидениега уланиш учун ортиқча қурилмаларни талаб қилмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият телевизорларда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.

Эски русумдаги телевизорлардан фойдаланувчилар телевизорга DVB-T2 стандартидаги рақамли телесигналларни қабул қилувчи тюнер ва стандарт антеннани ўрнатган ҳолда рақамли теледастурларни кўришлари мумкин.

Республикамизда бугунги кунда рақамли телевидениенинг DVB-T2 cтандартида узатилаётган очиқ тўплами таркибида ЎзМТРКнинг 12 та теле, 4 та радио ва 6 та нодавлат телеканаллар теледастурлари ўрин олган. Очиқ тўплам таркибидаги теледастурларни кўриш бепул.

Report Page