Судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

@Sirdaryo
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

        Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июль куни қабул қилган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон Фармони ҳам ана шу эзгу мақсадлар учун хизмат қилади.

Энг муҳими, Фармон соҳа фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради.  2021 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш институтини бекор қилиш ва жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш белгиланди. Бу тартиб инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ўзига хос механизмидир.

Шунингдек, Фармонда инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш, судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколатини бериш белгиланди. Эндиликда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат, Олий суд тузилмасида янги лавозимлар киритилади. Фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозими, Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари ташкил этилади. Бугунги шиддаткор давр тезкор ахборот алмашинувини талаб этар экан, ўз навбатида, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари фаолиятининг очиқлиги ҳам бунда муҳим аҳамият касб этади. Суд тизимидаги ислоҳотларнинг медиа майдонида очиқ, шаффоф ёритиб борилиши халқнинг суд органларига бўлган ишончини янада оширади. Қолаверса, суд ҳокимияти ва жамият ўртасида сифатли мулоқот йўлга қўйилади.

        Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Фармон фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш имконини беради. Бу эса  судлар фаолиятини такомиллаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асосдир.


Турсунбой Каримов

Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи

Report Page