УСТОЗИМГА СЎЗ БЕРДИМ...

УСТОЗИМГА СЎЗ БЕРДИМ...

@Sirdaryo
Муҳаммад Исмоил ва Ортиқ Султонов

Бешинчи ё олтинчи синфда ўқир эдим. Кечалари тинмай шеър ёзар, кундузлари бу шеърларни чиқариш учун “Янгиер тонги” газетасига югурар эдим. Аммо шеърларимни чоп этишмас, менинг эса иштиёқим баланд, кечалари ухламай шеър ёзар, ҳеч кимга уйқу бермай, хонама хона баланд овозда шеърларимни ёд ўқир, ўзимга маъқул келган юзлаб шеърларимнинг ҳеч бўлмаса биттаси газетада чоп этилишини орзу қилар эдим. Аксига олиб ҳар гал шеърларимни қайтиб беришар, шеърларинг хом хатала, бўш ва беъмани дейишар, ҳали яна кўп меҳнат қилишим лозимлигини уқтиришар эди. Мен эса уларни чоп этилишини истар эдим. Тиниб тинчимаслигимдан тоқати тоқ бўлган маъсул котиб охири шеърларимни юзимга отиб юборди, мендан ҳеч қачон шоир чиқмаслигини, шеърларим ниҳоятда саёз ва тушунарсизлигини, ортиқ уни безовта қилмасдан “туёғимни шиқиллатиб” қолишим лозимлигини буюриб катта кўчани кўрсатиб қўйди. Мен ҳўнграб йиғлаб юбордим. Хонадан отилиб чиқдим. Кўзимдан дув-дув ёш тўкилар, алам ва оғриқдан энди ҳеч қачон бу даргоҳга қадам босмайман, шеър ёзмайман дея онт ичар, шеърларим ёзилган қоғозларни майда майдалаб ҳар ёққа итқитар эдим.

Ҳ.ХУДОЙБЕРДИЕВА НОМИДАГИ ИЖОД МАКТАБИ КУТУБХОНАСИ

Бир пайт ортимдан югуриб келаётган йигитга кўзим тушди. Бу “Янгиер тонги” газетасининг адабиёт бўлими ходими, ўқишни битириб эндигина ишга келган Ортиқ Султонов эди. У мени узоқ юпатди. Шеърларим унга жуда жуда ёқишини юз марта таъкидлади ва келгуси ҳафтада шеърларимни биронтаси газетада албатта чоп этилишига сўз берди.

ОШХОНА

Мен бу ҳолни умримни охиригача унутмайман. Бир оғиз сўз билан бир одамнинг тақдири бутунлай ўзгариб кетиши мумкинлигини ўшанда тушунганман. Бир оғиз оғир сўз бир одамни жарга итариб юбориши мумкин бўлса, бир оғиз яхши сўз жардан чиқариб олиши мумкин экан. Шунинг учун олдимга бир киши бирор маслаҳат сўраб келса ҳамиша яхши сўз айтишга, бир оғиз ширин сўз билан кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим. Худо шоҳид, ҳали бирорта шогирдимга бирор марта оғир сўз айтмадим. Ҳамиша яхшилик тарафида бўлдим. Ҳамиша кўнглини кўтариб, руҳлантириш пайида бўлдим. Менда бундай феъл атворни пайдо бўлишига сабаб бўлган устозим Ортиқ Султоновдан ўла ўлгунча миннатдорман.

Шу сабаб, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига раҳбар бўлганимнинг биринчи куниёқ устозим Ортиқ Султоновни янги қурилаётган Ижод мактабига олиб бордим ва дуосини олдим. Бу ерга келиб ўқийдиган, таълим оладиган, катта Ижод остонасига қадам қўядиган, ижод машаққатини юрак юрагидан ўтқазадиган, иқтидорини, истеъдодини адабиётимизнинг, халқимизнинг, миллатимизнинг юксалишига сарфлайдиган ҳар бир болага бор меҳру муҳаббатимни, қалбимни қўърини беришга тайёр эканлигимни таъкидладим. Худди Ортиқ Султонов менга қандай меҳр кўрсатган бўлса, мен ҳам адабиёт остонасига эндигина қадам ташлаб келаётган ҳар бир ижодкорга ана шундай меҳру муҳаббат кўрсатишга сўз бердим.

МУҲАММАД ИСМОИЛ

Эслатма: Эртага, 7 август куни соат 10-00 дан бошлаб, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига танлов асосида ўқитувчи ва мураббийларни ишга таклиф этамиз. Кимки ёш ижодкорларга, ёш иқтидорларга бор меҳру-муҳаббатимни, илмимни, тарбиямни, салоҳиятимни бераман ва келажакда бу ёшлар Ўзбекистон номини шарафлайди, Ўзбекистонни дунёдаги энг буюк давлатлар қаторига қўшилишида хизмат қилади деса, марҳамат танловимизда иштирок этинг.

Ҳужжатлар Гулистон шаҳар, Халқлар дўстлиги кўчаси, 30-уй. Халқ таълими бошқармаси биносида қабул қилинмоқда.

Телефон: +998 67 225-4342

Report Page