«Ҳақиқатда камчилик бўлган, лекин...» — Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

«Ҳақиқатда камчилик бўлган, лекин...» — Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

@Sirdaryo
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Жорий йилнинг 1 август куни “Kun.uz” сайтида «Сирдарёда қайта тикланаётган уйларни таъмирлашда қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди» номли мақола эълон қилинганди.

Ушбу мақола юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ўз муносабатини билдирди.

"Дарҳақиқат, ҳукуматимиз топшириғига кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига Сардоба сув омборидаги тошқиндан талофат кўрган Оқолтин туманининг «Шодлик» фуқаролар йиғини ҳудудидаги 17 гектар майдондаги 128 та хонадонларни таъмирлаш вазифаси юклатилган. Бунинг учун вилоят «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси раҳбарлигида бир неча қурилиш-пудратчи ташкилотлари бунёдкорлик юмушларида бир неча ойдан буён фаол иштирок этмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Мақола эълон қилинган пайтда ҳам қайта бунёд этилаётган уйларнинг аксарият қисмида таъмирлаш юмушлари якунига етган, хусусан, 38 та уйда 90 фоиз таъмирлаш ишлари амалга оширилган, 90 та уй тўлиқ таъмирлаб бўлинган, 85 та уй эса фойдаланишга топширилган бўлган. Дарҳақиқат, бунёдкорлик ишлари натижасида аҳоли яшаш пунктлари нафақат ўз ҳолига қайтаяпти, балки тобора чиройли қиёфага кирмоқда.

Энг муҳими, аҳолининг азалий орзуси бўлган табиий газ ҳар бир хонадонга кириб бораётганлиги, бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган барча бунёдкорлик ишлари натижасида Оқолтин туманига ҳаёт яна қайтиб келаётганлигини маҳаллий аҳоли томонидан бир неча бор эътироф этилган.

Лекин қайд этиш лозимки, ҳамма ишда бўлгани каби Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан қайта тикланаётган уйларнинг баъзиларида айрим жузъий камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги бор гап. Хусусан, 92-, 93-уйларнинг ювиниш хоналарида деворлар тўлиқ тозаланиб, демонтаж қилинмасдан, кафель териш юмушлари бажарилган, хоналарнинг ички оралиқ деворларига ўрнатилган эшиклар атрофи махсус кўпиклар билан тўлдирилмасдан, тахталар билан ёпилган.

96-, 97-уйларда ҳам худди шундай камчиликларга йўл қўйилган. Худди шунга ўхшаш нуқсонлар 94-, 95-уйларда ҳам мавжуд бўлган, жумладан, хоналарнинг иситиш тизимидаги полиетилен қувурларининг деворлар орасига гильзалар қўйилмаган ва клипсаларни 400-450 мм.ли ўлчамдагиси ўрнига 550-600 мм.лиги ўрнатилганлиги кабиларни келтириш мумкин.

Энг асосийси, камчиликларнинг барчаси Самарқанд вилояти ва Тошкент вилояти қурилиш назорати инспекциялари, қолаверса, бевосита бу ердаги тиклаш ишларида бевосита иштирок этаётган Тошкент вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ва «Назар ҳамкор қурилиш қурилиш» масъулияти чекланган жамияти пудратчи ташкилоти мутахассислари томонидан аниқланган ва уларни бартараф этишга дарҳол киришилган. 

Хўш, бугун Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига бириктирилган ҳудудда аҳвол қандай деган табиий савол туғилади. Вилоят ҳокимлигининг Оқолтин тумани «Шодлик» фуқаролар ҳудудидаги масъулларнинг хабар беришича, “Kun.uz” сайтида эълон қилинган материалдаги барча камчилик ҳамда нуқсонлар бартараф этилган. Қурувчиларга бириктирилган уйларнинг 90 фоизи тайёр бўлиб, эгаларига топшириш арафасида.

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, кенг кўламда амалга оширилаётган қурилишда аниқланган барча камчилик ва нуқсонлар жузъий, яъни жуда оддий эди. Яна уларнинг барчаси ўз ишига танқидий ёндашган қурувчиларнинг ўзлари томонидан қайд этилган", дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ахборот хизмати муносабатида.

"Халқ Сўзи Online"

Report Page