ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА НОМИДАГИ ИЖОД МАКТАБИ ЎҚУВЧИЛАРИГА

ҲАЛИМА ХУДОЙБЕРДИЕВА НОМИДАГИ ИЖОД МАКТАБИ ЎҚУВЧИЛАРИГА

@Sirdaryo
Фото: Муҳаммад Исмоил / Telegram

Ёшлик қуёшининг
зарлари тарқаб,
Ҳаёт саҳнасига ёғилмоқда нур.
Иқтидор, заковат
жавҳари сачраб,
Миллат юрагидан
сочилмоқда дур!

Сизга таъзимдамиз,
кўксимиз майдон
Сиз азиз элимнинг гул лолалари.
Сизларни шарафлаб
турибди даврон
Сизлар келажакнинг
Ҳур болалари.

Юлдузлар тушгандек,
тўкилиб кўкдан
Сиз таратган нурдан ёруғдир осмон.
Алпомиш бўлса гар,
сиздай алп бўлган
Бўлса сиздай бўлган,
Рустами достон.

Сизга Ҳазрат Али
руҳи мададкор.
Ва Пахлавон Маҳмуд
«Бисмилло»лари...
Сиз тарих қаъридан келган халоскор
Ижод мактабининг –
истиқболлари.

Миллат шаъни ҳар он,
офтобдек буюк!
Сиз миллат қалбида
жўшиб турган қон.
Ўзбекнинг жонига жон бўлган суюк
Сиз ўзбек улғайтган
темурий ўғлон.

Сизни кутар Париж,
Сеул, Рим, Лондон,
Кутар футбол, шахмат,
ринг қироллари.
Бўлгайсиз музаффар,
ғолиб қаҳрамон.
Оламга бўлгайсиз –
юрт тимсоллари.

Сиз чарчар бўлсангиз,
ташна бўлсангиз
Дарё-дарё меҳрин
тутгайдир Ватан.
Ҳеч қачон тегмасин
ерга елкангиз,
Ортингизда тоғдай,
тургайдир Ватан!

Эзгулик боғида
кўкартмоқ ниҳол
Қадимий ўзбекнинг анъаналари.
Абадий янграсин
қўнғироқ мисол,
Ижод мактабининг
тантаналари!

Ёшлик куёшининг
зарлари тарқаб
Ҳаёт саҳнасига
ёғилмоқда нур.
Иқтидор, заковат жавҳари сачраб,
Миллат юрагидан
сочилмоқда дур!

МУҲАММАД ИСМОИЛ


Эслатма: Бугунги кунда Ижод мактабига хужжат топширувчилар сони Сирдарё вилоятининг ўзидан олти юз нафардан ортди.

Ижод мактабига энг иқтидорли, билими ўткир 5-6-7-8 синф ўқувчилари қабул қилинмоқда. Ижод мактабига ўз илм салоҳиятига, истеъдодига, ижодига ишонган азиз ёшларимизни таклиф қилиб қоламиз. Нафақат вилоятимиздан, балки Республикамизнинг ҳамма шаҳар қишлоқларида яшовчи ёшлар учун ҳам Ижод мактабининг эшиклари очиқ.

Ҳужжатлар Гулистон шаҳар, Халқлар дўстлиги кўчаси, 30-уй. Халқ таълими бошқармаси биносида қабул қилинмоқда.
Телефон: +998 67 225-4342

Report Page