Дунё мусулмонлари пандемияда Қурбон ҳайитини қандай нишонлади?

Дунё мусулмонлари пандемияда Қурбон ҳайитини қандай нишонлади?

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Сайёрамизда коронавирусдан касалланганлар сони 16 миллиондан ошди. Бу офат инсоният ҳаёт тарзига таъсир этиб, одамларнинг кўпгина режаларини ўзгартириб юборди. Жумладан, мусулмонларнинг асосий айёмларидан бири ҳам карантин даврига тўғри келди.

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётгани сабабли, айёмни одамлар уйида ўтказишга мажбур бўлди. ЎзА мухбири ўзга юртдаги мусулмонлар байрамни қай тарзда кутиб олгани, қурбонлик амаллари қандай бажаргани билан қизиқиб, Al-Jazeera, BBC ахборот агентликлари сайти ва Покистон нашрларига назар ташлади.

Буюк Британия

Пандемия башариятни минг йиллик байрамлар тартибига ҳам ўзгартириш киритишга мажбур қилди. Буюк Британия мусулмонлари кенгаши “The Muslim Council of Britain (MCB)” ўз сайтида Ҳайит намозини амалга ошириш бўйича йўриқнома эълон қилди. Ҳужжатда ҳайит намозини очиқ ҳавода адо этиш, бунинг имкони бўлмаса, ичкарида ўзаро масофа сақлаган ҳолда ўқиш тавсия этилди. Шунингдек, ҳайит қутловларида қучоқ бериб кўришиш, қўл узатишдан тийилиш сўралди. Одатда ҳайитда мусулмонлар яқинлари билан дастурхон атрофида йиғилади. Кенгаш бу борада хонадонда эмас, очиқ ҳавода йиғилишни ва иложи борича кўпчилик бўлиб тўпланмасликни сўраган.

Канада

Канадада масжидга чиқққанда оралиқ масофани сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмасликнинг олдини олиш мақсадида махсус мобил илова ишга туширилди. “SMART Jamaat” мобил иловаси орқали Торонто мусулмонлари мавжуд 8 масжиднинг бирида ўзлари учун жой белгилашди. Илова бир масжид тўлгач, бошқа вақт ёки масжидни таклиф қилди. Ўрин ололмаган киши намозни уйида адо этишга мажбур бўлди.

Саудия Арабистони

Саудия Арабистонида Қурбон ҳайити намозини масжидда адо этишга рухсат берилди.

Фото: ЎзА

Бу мамлакатда Ийд Ал-Фитрда намози учун масжидлар ёпиқ бўлган эди. Қиролликнинг ислом ишлари бўйича вазирлиги намозда оралиқ масофа сақлашни ва ҳар ким ўзи учун жойнамоз олиб келишни сўраган.

Ғазо сектори

Ғазо секторидаги фаластинликлар Қурбон ҳайитини одатдагидек оила даврасида кутиб олдилар. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, коронавирусга чалинганлар ҳайит арафасида беш кишини ташкил этган ва уларнинг бари карантинда касалхонада даволанмоқда. Хуллас, аҳоли айёмни рисоладагидек кутиб олди.

Фото: ЎзА

Ғазо шаҳрида яшовчи 31 ёшли Карама Фадилнинг Ал-Жазира мухбирига айтишича, Ғазода касалхонадан ташқарида коронавирус ҳолати аниқланмаган. Шу сабабли, ҳайит айёми қоидаларига оид чекловлар жорий этилмади. “Биз ҳайитни доимгидек нишонладик, аммо бизнинг Туркия, Марокаш ва Бельгиядаги қариндошларимизга коронавирус сабабли ҳайитни биздек байрам қилиш насиб этмади”, дейди араб тили ўқитувчиси Карама Фадил.

Пандемия туфайли қурбонлик амали тақиқландими?

Британия мусулмонлари кенгаши қурбонлик амалини бажаришда гигиена қоидаларига амал қилиш ва тактик алоқадан сақланишни тавсия қилган. Коронавирус шиддат билан ёйилаётган Индонезияда фақатгина касаллик кам қайд этилган туманлардагина жамоат намозига ва қурбонлик тарқатишга рухсат берилди. Ҳайдаробод (Ҳиндистон) муфтийси аҳолига қурбонлик нархи миқдоридаги пулни йўқсилларга улашиш бўйича фатво берган. Шу орқали гўшт ва мол дўконларида одам тўпланишининг олди олингани айтилмоқда.

Фото: ЎзА

Покистонда эса ўзбошимчалик билан ташкил этилувчи жонлиқ, гўшт савдосини чеклаш буюрилди. Жонлиқни очиқ ҳавода сўйиш ҳам тақиқланди. Ҳайит арафасида Покистонда 500 га яқин ноқонуний қўй, мол бозори ёпиб қўйилди. Покистон соғлиқни сақлаш вазири Зафар Мирза аҳолини онлайн тарзда қурбонлик сўйишга буюртма беришини сўради.

Қурбон ҳайити амалларига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бефарқ бўлмади. ЖССТ қурбонлик сўйиш ва тарқатишда жисмонан масофа сақлаш йўриқномасини эълон қилди.

ЎзА

Report Page