«Болалар яқинлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкин». ИИВ карантиндан сўнг масжидларда намоз ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилди

«Болалар яқинлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкин». ИИВ карантиндан сўнг масжидларда намоз ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилди

@Sirdaryo
Фото: «Дарё»

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити байрами билан табриклаб, карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг мамлакатдаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларни адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилишини маълум қилди, дейилади «Дарё» хабарида.

«Албатта, дунё миқёсида кузатилаётган коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлардаги каби намозларни масжидларда жамоа билан ўқишда чекловлар жорий қилинди. Бу чекловларнинг барчаси вақтинча ўрнатилган бўлиб, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи камайиши билан уларни босқичма-босқич ечиш кўзда тутилган.

Жумладан, карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади», — дейилади ИИВ хабарида.

Шу ўринда Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчиликда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Қайд этилишича, вазирлик фуқароларнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда ушбу йўналишда бирор бир қонунга зид тўсиқлар ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 июлдан эътиборан 1 августга қадар диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолияти тўхтатилган эди. Кейинроқ Махсус комиссиянинг 26 июлдаги қарор билан карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилган.

Report Page