Хушхабар: Гулистон давлат университети талабаси халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритди (фото)

Хушхабар: Гулистон давлат университети талабаси халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритди (фото)

@Sirdaryo
Гулистон давлат университети

2020 йилнинг 25-30 июль кунлари талабалар ўртасидаги халқаро математика олимпиадаси (IMC- International Mathematical Competition) онлайн тарзда ўтказилади. Ушбу олимпиадада 46 та давлатдан 546 нафар талаба иштирок этди. Бу ҳақда Гулистон давлат университети Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Массачусетс технология институти, Станфорд университети, Нью-Йорк университети, Мэриленд университети, Карнеги Меллон университети (АҚШ), Камбридж университети, Манчестер университети, Уорик университети, Лидс университети, Лондон университет коллежи, Лондон империал коллежи (Буюк Британия), Бонн университети, Лейпциг университети, Георг Август номидаги Гёттинген университети (Германия), Санкт-Петербург давлат университети, Москва физика-техник институти, Иқтисодиёт олий мактаби (Россия), Тель-Авив университети, Бар-Илан университети (Исроил) ва бошқа нуфузли университетлардан талабалар қатнашди.

Фото: ГулДУ матбуот хизмати

Талабаларнинг халқаро математика олимпиадаларида муносиб иштирок этиши ва иқтидорли талабаларни саралаш мақсадида Математика институти ва Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида “Mathematical olympiads of Uzbekistan for University Students” номли онлайн лойиҳа орқали 1200 дан ортиқ иштирокчилар орасидан 17 нафар иқтидорли талаба саралаб олинди.

Карим Рахимов (ЎзМУ), Аброр Пирнафасов (Рур Бохум (Ruhr-University Bochum), Германия) ва Хакимбой Эгамберганов (Сарбонна университети (Universite de Paris), Франция)лар талабаларни халқаро олимпиадага тайёрлашди.

Абдушукур Аҳадов

Ушбу олимпиадада Гулистон давлат университети ва Бухоро давлат университетидан 2 нафар, Қарши давлат университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетидан 1 нафардан, Ўзбекистон Миллий университетидан 11 нафар талаба 3 та гуруҳ бўлиб иштирок этди.

Олимпиада натижаларига кўра Гулистон давлат университети талабаси Абдушукур Аҳадов ва Ўзбекистон Миллий университети талабаси Шахзод Қуроқбоевлар олтин медални қўлга киритдилар.

ЎзМУ талабалари Толибжон Исмоилов, Мафтуна Саматбоева, Жаҳонгир Тўраев, Жасурбек Имомов, БухДУ талабаси Собир Боймуродовлар кумуш медалга эга бўлишди.

ЎзМУ талабалари Нилуфар Ражабова, Дониёр Язданов ва Даврбек Олтибоевлар эса бронза медалга сазовор бўлдилар.

Бундан аввал Гулистон давлат университети талабаси Абдушукур Аҳадов илмий раҳбари Математика кафедраси катта ўқитувчиси Жўрабек Маматов ҳамроҳлигида Россия Федерациясида ўтказилган олимпиадада олтин ва Туркманистонда ўтказилган олимпиадада бронза медалини қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.

Талабамиз Абшукуржоннинг ютуқлари давомли бўлсин!

Report Page