Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси вафот этганлиги муносабати билан Ширин шаҳар ҳокимлиги чуқур ҳамдардлик билдиради

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси вафот этганлиги муносабати билан Ширин шаҳар ҳокимлиги чуқур ҳамдардлик билдиради

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Жорий йилнинг 31 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари, давлат ва жамоат арбоби Муса Тажетдинович Ерниязов вафот этди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

Муса Ерниязов 1947 йил Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларини битирган.

1983−1989 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 1989−1990 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий вакили бўлиб фаолият олиб борган.

2000−2001 йилларда Чимбой тумани ҳокими, 2001−2002 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

2002 йилдан бошлаб ҳозирги вақтга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари эди.

Муса Тажетдинович Ерниязов қарийб 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, юксак маънавий фазилатлари билан, Ватанимизга беқиёс муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди.

Унинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, Орол бўйидаги экологик вазиятни яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди.

Қорақалпоқ диёрида кейинги йилларда юз берган барча улкан ўзгаришлар Муса Тажетдинович Ерниязовнинг номи ва амалий фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.

У қорақалпоқ элининг ҳақиқий етакчиси сифатида доимо халқнинг дарду ташвишлари билан яшади. Айниқса, кекса авлод вакиллари, меҳрибон опа-сингилларимиз, азиз ёшларимизнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларнинг муносиб келажагини таъминлаш йўлида чинакам жонбозлик кўрсатиб сидқидилдан хизмат қилди.

Муса Тажетдинович Ерниязов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари сифатида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантириш ишига улкан ҳисса қўшди, иқтисодий-ижтимоий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўлида айниқса фаоллик кўрсатди.

Муса Тажетдинович Ерниязовнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. У “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” ва “Ўзбекистон қаҳрамони” деган юксак унвонлар билан мукофотланган эди.

Етук давлат ва жамоат арбоби, кучли сиёсатчи Муса Тажетдинович Эрниязов вафот этганлиги муносабати билан Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимлиги марҳумнинг оила аъзолари, барча яқинларига, қолаверса, бутун Қорақалпоғистон халқига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Ширин шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page