4-секторда хайрия маблағлари ўз эгаларига етказилмоқда

4-секторда хайрия маблағлари ўз эгаларига етказилмоқда

@Sirdaryo
Фото: Сирдарё вилояти ДСБ

Ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан (346-ф, 29.07.2020й), "Саховат ва кўмак" фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам сифатида катта миқдордаги нақд пул маблағи вилоятимизга етиб келди. Республика бўйича Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 150 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Ушбу маблағ ҳудудлар кесимида тақсимланиб, Сирдарё вилоятига 5 млрд сўм ажратилган. Ҳудудлардаги сектор раҳбарлари 2 кун муддатда ушбу маблағларни аҳолига тарқатилишини таъминлайди.

Фото: Сирдарё вилояти ДСБ

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жўрабек Ғойибов раҳбарлигида сектор ҳудудида хайрия маблағларининг 1800 нафардан зиёд фуқароларга етказилишида катта масъулият билан иш ташкил этилди. Хусусан, Гулистон тумани Дўстлик маҳалласида яшаётган эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, "Темир дафтар" га киритилган 70 та оилага пул маблағлари вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари томонидан шахсан топширилди. Вилоят миқёсида 4-сектор аҳолиси учун 1 миллиард 384 миллион сўм маблағ бугуннинг ўзида ўз эгаларига етказилиши назоратга олинган.

Фото: Сирдарё вилояти ДСБ

- Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик фуқароларимизни чексиз қувонтирмоқда, - дейди, Дўстлик маҳалласи раиси Раъно Мадраимова. - Айниқса Қурбон ҳайити байрами арафасида берилаётган бундай моддий кўмак аҳолимизда бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга катта ишонч уйғотмоқда.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати

Report Page