“Сеҳрли” вирус блокаторлари ҳақида аччиқ ҳақиқатлар. Вирус блокаторлари рекламада таъкидланганидек COVID-19га қарши самарали воситами?

“Сеҳрли” вирус блокаторлари ҳақида аччиқ ҳақиқатлар. Вирус блокаторлари рекламада таъкидланганидек COVID-19га қарши самарали воситами?

@Sirdaryo
Фото: "Янги Ўзбекистон"

Бугун ҳар биримиз ўз соғлигимизни ҳимоя қилиш мақсадида барча зарурий чораларни кўришга ҳаракат қилмоқдамиз. Ниқоб тақиш, бир марталик қўлқоплар ва турли хил антисептикларни ишлатиш каби, одат тусига кирган амалларга, эндиликда, яна бир янгилик – вирусларга қарши турли хил бейджикларни костюм юқори чўнтагига ёки бўйинбоғ устки қисмига тақиш истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. 

Вирус блокаторлари рекламада таъкидланганидек COVID-19га қарши самарали воситами?

Оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар) тез-тез кузатилаётган реклама роликларига кўра, ушбу воситалар ундаги фаол модда – қаттиқ хлор диоксиди ҳисобига аксарият маълум бўлган вирус, бактерия, замбуруғлар ва аллергия қўзғатувчилар билан курашиш имкониятига эга. Юқоридагилар билан бир қаторда, жойлаштирилаётган реклама материалларида “бир метр квадрат радиусда ён-атрофингизни дезинфекция ва дезодорация қилиш ва соғлиқ учун ишончли ҳимоя” каби таъкидлашлардан фойдаланилмоқда, шунингдек, блокатор қуш гриппи, гепатит, пневмония, ЎРВИ, зотилжам, сил, менингит ва бошқа асосий пандемияга олиб келувчи вируслардан ҳимоя қилиши айтиб ўтилмоқда. Бир сўз билан айтганда, улар “сеҳрли” имкониятлари ҳам жўшиб гапирилмоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан олиб борилган ўрганишлар давомида, бир қатор ОАВларда (телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари), интернет ва ижтимоий тармоқларда реклама роликларини тарқатишда (жойлаштиришда) қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилганлиги ҳамда бундай маълумотларни ўзида акс эттирадиган реклама роликлари истеъмолчиларни чалғитиши аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, рекламага доир асосий талаблар бўлиб қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш ҳисобланади. Шунингдек, мазкур Қонун билан ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши ҳамда шахсларга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган нотўғри реклама тақиқланади (13-модда). Ҳурматли истеъмолчилар, эсда тутинг, мутахассисларнинг фикрига кўра, вирус блокаторлари самарадорлигини тасдиқлаши мумкин бўлган тадқиқотлар ўтказилмаган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коронавирусга қарши курашиш штабининг аъзоси Хабибулла Оқилов вирус блокаторлари ҳақида қуйидагича изоҳ берди: «Афсуски, ушбу воситанинг самарадорлиги ҳақидаги даъволар мазкур блокаторларнинг ҳаводаги вирусларни зарарсизлантиришга қодирлигини исботлайдиган илмий асосга эга эмас. Дарҳақиқат, хлор диоксиди грипп вируси фаоллигини камайтирган тадқиқотлар мавжуд, лекин бунинг учун, биринчи навбатда ушбу моддани инсон ён-атрофга сепиш зарур бўлади, пластик ёки қоғоз сиртига эмас. Бундан ташқари, тажрибада восита фақат бир касаллик қўзғатувчиси учун синовдан ўтказилган, ишлаб чиқарувчи эса уни 99% мавжуд бўлган микротаналардан ҳимоя қилишини таъкидламоқда.   

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва нотўғри реклама тарқалишини олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўриш мақсадида, вирус блокаторлари ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва тарқатувчиларга реклама қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш тўғрисида огоҳлантирувчи хатлар юборди.

Соҳиба Муллаева,

"Янги Ўзбекистон"

Report Page