Кексаларни қадрлаш-инсоний бурчимиз
@SirdaryoЁш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, тақволи, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан албатта фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда катталарнинг борлиги улуғ неъматдир. Инсон ҳаёти мевали дарахтга қиёс этилади. Чунки дарахт бир мавсумнинг ўзида куртаклар тугади, гуллайди, кўпдан-кўп мевалар қилади. Кексалик эса худди мевалари пишган боққа ўхшайди.
Кексаларга ҳурмат халқимизнинг азалий ибратли қадриятларидан ҳисобланади. Ҳукуматимиз сўнгги йилларида қарияларни улуғлаш борасида бир талай хайрли ишларни амалга оширди. Ушбу хайрли ишларни давомий сақлаб қолиш мақсадида туманимиз ҳокими, 1-сектор раҳбари Камолов Учқун Ибрагимовичнинг ташаббуслари билан "Қурбон ҳайити" байрами муносабати билан туманимиздаги энг кекса ёшли отахон ва онахонларимизнинг ҳолидан хабар олинди ва уларга муносиб байрам совғалари ва хадялар берилди.
Қарияларни эъзозлашга динимизда алоҳида эътибор берилган. Имон-эътиқодли, ихлосли ва нуроний кексаларнинг фазилатларини билиш ҳамда уларнинг ҳақларини адо этиш бошқалар учун вожибдир. Бундай хайрли ишлар Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқдир. У зот кишиларга кексаларнинг фазилатларини билдириб, уларнинг ҳақларига риоя этишни шарт қилганлар.
Динимизда доимо инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақиради. Кексаларнинг борлиги улкан бахтдир. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ бизларни турли офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз САВ шундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар оқиб келарди.”
"Қадрлаш ўзликни англаш демакдир. Бу сўз замирида имон бутлиги, одоб-ахлоқ, аждодлар мероси, шунингдек, атрофимиздаги инсонларга чуқур ҳурмат мужассам" Ховос тумани ҳокими У.Камолов.
Ховос тумани ҳокимлиги ахборот хизмати