Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишни ўзининг устувор вазифаларидан деб билади

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишни ўзининг устувор вазифаларидан деб билади

@Sirdaryo
Фото: Миллий тикланиш ДП Сирдарё

Мамлакатимизда демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш, хуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси ҳам хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, партиянинг сайловолди дастури ҳамда Қонунчиликдаги ёшлар ва хотин-қизлар масалаларига оид мавзуларда ёшлар ва хотин-қизларга тушунчалар бериш борасида амалий ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.   

Бугун  Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши томонидан “Ўзбекистонда ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид давлат сиёсати: мавжуд вазият ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида ZOOМ видеодастури орқали онлайн ўқув-семинар тренинг ташкил этилди.

Ўқув семинарни партиянинг вилоят кенгаши раиси Норбобо Соатов очиб бериб, партия мақсад ва вазифаларини ижросини таъминлашда ҳозирги Пандемия шароитида мана шу каби онлайн семинарлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Норбобо Соатов

Шунингдек, семинарда Гулистон давлат университети Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси катта ўқитувчиси Йўлдош Каримов, Гулистон шаҳар никоҳ уйи мудираси Лола Муродова, Сирдарё вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Мехринисо Эшонхонова, вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хамза Шомиров ҳамда партия ходимлари, депутатлари иштирок этди.

Семинарда маърузачилар томонидан "Ўзбекистонда ёшлар: мавжуд вазият ва ривожланиш истиқболлари”, “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид давлат сиёсати”, “Оилада ва жамиятда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзуларида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.

- Маълумки, бугунги кунда жамиятимизда, айниқса ёшлар орасида илдиз отаётган миллий қадриятларимизга ёд айрим иллатлар, уларни келтириб чиқараётган омиллар долзарб муаммо бўлиб келмоқда- деди катта ўқитувчи Йўлдош Каримов. 

- Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда оилада, айниқса жамиятда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, айни кунларда Пандемия шароитида аҳоли орасидаги ҳар-хил қўрқув ва вахимани бартараф этиш, шунингдек, оилалардаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари, “Саховат ва кўмак” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқдир-деди  Мехринисо Эшонхонова.

Фото: Миллий тикланиш ДП Сирдарё

Сўнгги йилларда тадбиркор ва ишбилармон аёллар сафи кенгаётганлиги, маҳаллий вакиллик органлари ва ижро хокимиятида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани фикримизнинг яққол далилидир. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишни ўзининг устувор вазифаларидан, деб билади. Бу борада партиянинг қатор лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мазкур лойиҳалар ёшлар ва хотин-қизларга ўз истеъдодларини тўла намоён этиш, билим-салоҳиятини ошириш, тафаккур-дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан жорий йилнинг ўтган даврида партиянинг “Аёллар қаноти”  ва “Ёшлар қаноти” томонидан ташкил этилган “Хизмат беминнат” лойихаси доирасида жами 64 та ўқув курслари ташкил этилди ва 308 нафар ёшлар ҳамда хотин-қизлар қамраб олинди. “Уйма уй” лойиҳалари орқали 1095 та хонадонларга ташрифлар ташкил этилиб, 139 нафар 30 ёшгача бўлганлар ҳамда 460 нафар хотин-қизлар қамраб олинди. Буниниг натижасида 2020 йилнинг 6 ойи давомида 84 нафар хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланди. 7 нафар хотин-қизларимизга ўз тадбиркорликларини бошлашлари учун кредитлар олишда кўмаклашилди. Албатта, бу ишларни амалга оширишимизда депутатлик гуруҳларининг роли ва ўрни каттадир.

Фото: Миллий тикланиш ДП Сирдарё

Мулоқот давомида партиянинг Ширин шаҳар кенгаши раиси, Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Улуғбек Норматов Пандемия шароитида партиянинг Ширин шаҳар кенгаши ва маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида амалга оширилган ишлар ва келгусида амалга оширилиши кутилаётган режаларга тўхталди.

Онлайн мулоқот фикр-мулоҳаза ва савол- жавобларга бой бўлиб, семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Дилобар КАТТАБЕКОВА,
Партиянинг вилоят кенгаши матбуот котиби

Report Page