Президентимиз асос солган, Гулистон шаҳрида бунёд этилаётган Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига унинг севимли шогирди, элимиз ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоил директор этиб тайинланди.

Президентимиз асос солган, Гулистон шаҳрида бунёд этилаётган Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабига унинг севимли шогирди, элимиз ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоил директор этиб тайинланди.

@Sirdaryo
Муҳаммад Исмоил ва Ҳалима Худойбердиева

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, фаоллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева Ижод мактабини ташкил этишни таклиф қилган эди.

«Ёрқин истеъдод эгаси, улкан сўз санъаткори Ҳалима Худойбердиева ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, долзарб мавзуларга бағишланган публицистик мақолаларида азиз Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат, мўътабар аёл ва она сиймосига эҳтиром туйғуларини беқиёс маҳорат билан тараннум этди. Унинг ёрқин миллий руҳ ва ҳаётий фалсафа билан йўғрилган бетакрор ижоди ўзбек адабиёти хазинасидан, эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллади» - дея Сирдарё халқининг севимли шоираси ижодини юксак баҳолаган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. МИРЗИЁЕВ. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган “Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарор чиқарилди.

Бугун, 30-июль 2019 йил, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан асос солинган ушбу Ижод мактабига Ҳалима Худойбердиеванинг севимли шогирди, элимиз ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоил директор этиб тайинланди.

Муҳаммад Раҳмонқулович ИСМОИЛОВ

1964 йилнинг 13 - мартида Сирдарё вилоятининг Ховос қўрғонида туғилган. 1971 – 1981 йилларда 9 – ўрта мактабда, 1981 – 1986 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.

Илк шеърий тўплами “Тазарру саодати” 1991 йил чоп этилган.

Шундан сўнг “Тасаввур чизиқлари” (1998), “Кўнгил мулкига сафар” (2001), “Саҳройи гуллар” (2001),“Сиз ҳамон ўшасиз” (2003), “Сизни севмай бўладими” (2005), “Баҳорнинг энг сўнгги лоласи” (2006),“Чиройлисан, тенги йўқ” (2007), “Кўксимни куйдирган аланга” (2008), “Осмон тўла орзулар” (2011), “Мени кучлироқ сев” (2012), ”Осмонингдан узилма эй, дил!”(2014), “То сўнгги нафасгача”(2015),”Миллат юрагининг дурдоналари”2016),”Гапнинг қисқаси яхши”, “Ойга осилган байроқ” (2018) сингари китоблари чоп этилган. Адибнинг ҳикоялари асосида “Лучезарная” (2011) китоби рус тилида нашр этилди. Адиб моҳир таржимон ҳамдир. Марина Цветаева, Борис Пастернак Г.Г. Маркес ижодидан сара намуналарни ўзбек тилига ўгирган.

Муҳаммад ИСМОИЛ асарлари асосида “Изғиринли кунларнинг бири”, “Қисмат”, “Ой чиқмаган оқшом”, “Янги ой чиққан кеча”, “Моҳинур”, “Атиргул”, ”Антиқа дебют”, “Балоғат бекати”, “Юлдузсиз осмон”, “Қалбим ардоғи”, “Васият” каби бадиий фильмлар экранлаштирилган.

Икки юздан ортиқ шеърлари машҳур хонандалар томонидан куйга солиниб қўшиқ қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиётни тарғиб қилиш бюроси бош муҳаррири (1987-1989), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий консультанти (1989-1993), “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари (1993-1996), “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири (1996-1998), Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси, “Ўзбекистон” телеканали бош директори ўринбосари (1998-2006), Ғафур Ғулом номидаги НМИУ директор ўринбосари – бош муҳаррир (2006-2009), ТДСМ институти ректоратида матбуот бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаб келган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Турон Фанлар академияси академиги, “Истиқлол тонгги” ва Робиндранатҳ Тагор Халқаро мукофоти совриндори.

Бугунги кунда Ижод мактабига хужжат топширувчилар сони Сирдарё вилоятининг ўзидан олти юз нафардан ортди. Ижод мактабига энг иқтидорли, билими ўткир 5-6-7-8 синф ўқувчилари қабул қилинмоқда. Ижод мактабига ўз илм салоҳиятига, истеъдодига, ижодига ишонган азиз ёшларимизни таклиф қилиб қоламиз. Нафақат вилоятимиздан, балки Республикамизнинг ҳамма шаҳар қишлоқларида яшовчи ёшлар учун ҳам Ижод мактабининг эшиклари очиқ. Хужжатлар Гулистон шаҳар, Халқлар дўстлиги кўчаси, 30-уй. Халқ таълими бошқармаси биносида қабул қилинмоқда. Тел. +998 67 25-4342

Севимли шоиримиз Муҳаммад Исмоилни ушбу маъсулиятли лавозим билан қутлаб қоламиз. Ижод мактабини Республикамиздаги энг нуфузли ва мартабали илм даргоҳларидан бирига айлантиришларига ишонч билдирамиз. Барча Сирдарёликлар учун янги бунёд этилаётган Ижод мактаби муборак бўлсин!

Report Page