Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасида Сирдарё давлатлараро туташув пункти очилди

Ўзбекистон – Қозоғистон ўртасида Сирдарё давлатлараро туташув пункти очилди

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Икки давлат ўртасида ўзаро савдо сотиқ, товар айирбошлаш, транспорт алоқалари, айниқса, темир йўл транспортидан кенг фойдаланиш, юк ва йўловчи ташишда мижозларга қулайликлар яратиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик кун сайин ривожланмоқда.

Ўзбекистон бугунги кунда қўшни давлатлар, жумладан, Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон билан жами 20 коридор орқали темир йўл транспортидан фойдаланиб, ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Биргина Қозоғистон Республикасини оладиган бўлсак, айни кунгача Келес ҳамда Қорақалпоғистон давлатлараро туташув пунктлари орқали юклар расмийлаштирилиб, поездлар қатнови амалга ошириб келинаётган эди.

ЎзА хабарига кўра, эндиликда Сирдарё ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудларига жўнатиладиган юклар янги ишга туширилган Сирдарё давлатлараро туташув пункти орқали юборилади. Қозоғистон Республикаси томонидан ташишга қабул қилинган юкларнинг Ўзбекистон темир йўллари орқали МДҲ мамлакатларига транзит ўтказилиши таъминланади.

– Бу давлатлараро туташув пунктининг очилиши тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қўшни давлатнинг жанубий ҳудудларига экспорт қилишида қулайлик туғдиради. Яъни маҳсулотларнинг манзилига етиб боришига кам вақт сарфланади, иш фаолиятини янада ривожлантиришга имкон берди, – деди “Тошкент минтақавий темир йўл узели“ унитар корхонаси бўлим бошлиғи Элбек Шамсиев. – Бундан ташқари, ушбу очилаётган янги давлатлараро туташув пункти Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудлари билан кўпроқ товар айирбошлашга хизмат қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳозирги кунда Келес давлатлараро туташув пунктидан бир суткада ўртача 20, 22 юк поезди мамлакатимиздан Қозоғистон Республикасига ва ушбу давлат орқали МДҲ мамлакатларига жўнатилаётган бўлса, сутка давомида яна шунча юк поезди юртимизга қабул қилиб олинади.

Таъкидланишича, эндиликда Сирдарё давлатлараро туташув пункти ишга туширилиши билан, суткасига қўшимча 3 жуфт юк поезди айланмасига замин яратади. Бу нафақат Ўзбекистон учун, балки, қўшни Қозоғистон Республикаси учун ҳам жуда катта иқтисодий самара бериши шубҳасиз.

Report Page