Маҳалла раиси компьютердан қандай фойдаланади?

Маҳалла раиси компьютердан қандай фойдаланади?

 Sirdaryo Xabarlari
Фото: sirdaryo.mahallakengashi.uz

Бугун қандай мавзуда мақола ёзишга қўл урмайлик, албатта, маҳалла мутасаддиларининг муносабатини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Нима бўлганда ҳам, улар жараёндан тўлиқ хабардор бўлган масъул шахс сифатида вазиятга ойдинлик киритишда катта ёрдам беради. Бошқа ташкилотлар ҳам бирор муаммога ечим излар экан, биринчи бўлиб маҳалланинг эшигини қоқишга ўрганиб қолишган.

Ҳудуднинг ипидан игнасигача яхши билган раисларнинг фаолияти жамият ривожида ҳам катта аҳамият касб этади. Аммо уларга нисбатан талаб ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этиб бораётган бир вақтда маҳалла оқсоқолининг компьютер саводхонлигига эга бўлиши нур устига нур. Бу маълумотларнинг ягона тизимини яратиш, ўзгаришларни узлуксиз тарзда киритиб бориш, уларни таҳлил қилиш имконини беради. Ҳисоботларни тайёрлаш ва берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришда ҳам техниканинг ўрни бўлакча.

Юқоридаги фикрларга асосланадиган бўлсак, компьютердан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиш ҳар бир маҳалла раиси учун асқатиши аён ҳақиқат. Хўш, айни шу масалада республикамиз маҳаллаларидаги аҳвол қандай? Техник таъминот талаб даражасидами? Кадрларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш салоҳияти қониқарлими? Муаммони юзага келтираётган асосий сабаблар нималардан иборат? Уни ҳал қилиш йўллари борми?

«Бажонидил билимларимизни оширамиз»

— Маҳаллани қайсидир маънода маълумотлар бюросига қиёслаш мумкин, — дейди пойтахтимиздаги «Ҳувайдо» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳомхўжа Асадов. — Ҳамкор ташкилотларга, ҳатто, кунора маҳалла ҳаётига дахлдор бўлган ахборотларни узатишга тўғри келади. Бу эса ҳужжатлар билан ишлашни талаб қилади. Аввал шундай ҳолатларда папка титкилаб анча вақт йўқотардик. Ҳозир бу маълумотларни компью­тердан жуда осон топиш мумкин. Шу билан бирга, ҳар хил ҳисобот ва ҳужжат ишларини юритиш, зарур топшириқларни бажаришда ҳам замонавий техникалар бизга жуда асқатмоқда.

Аммо ундан фойдалана олиш малакасига келадиган бўлсак, биз каби ёши олтмишдан ошган авлод вакилларига бу бироз қийинчилик туғдириши ҳеч кимга сир эмас. Шунга қарамай ҳаракат қиляпмиз. Ҳар ҳолда компьютерни ёқиб, керакли маълумотни топа оламан. Асосий ишларни бажаришда эса масъул котибнинг кўмагига таянаман. Назаримда, замон билан ҳамнафас бўлган оқсоқол иш юритишда ҳар жиҳатдан қулайликка эриша олади. Агар биз каби кекса авлод вакилларига ҳам компьютердан фойдаланиш борасида ўқув курслари ташкил этилса, бажонидил ўз билимларимизни оширган бўлардик.

Бу бир эмас, кўпгина маҳалла раисларининг фикри. Ахир, ким ҳам ишда муваффақият қозонишни, юмуши осон ҳал бўлишини истамайди дейсиз. Модомики шундай бўлгач, маҳалла мутасаддиларининг ахборот-коммуникация технологияларини тўлиқ ўзлаштириб олишига нима тўсқинлик қилмоқда? Мавзуни тўлиқроқ таҳлил қиладиган бўлсак, аввало, моддий-техник базанинг ҳолатига назар ташлашга тўғри келади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг берган маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 2-чорагида 9098 та маҳалланинг 1805 таси янги компьютерга муҳтож. Интернетга уланиш эса анча қиммат. Қолаверса, маҳалла мутасаддиларининг зиммасига юклатилган вазифаларнинг ҳаддан зиёд кўплиги вақт ажратиб, ўз устида ишлашга имкон бермайди. Гарчи шунча муаммолар тўсиқ бўлишига қарамай, оқсоқоллар учун компьютер бўйича қўшимча курсларнинг ташкил этилиши кўпчиликни бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

Ўқув муассасаларини жалб қилиш керак

— Ёши катта бўлгани учунми ёки хонадонлардаги муаммоларни ҳал қилишга кўп вақт ажратганиданми, кўпгина маҳалла раисларининг бу соҳага эътибори камроқ, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сирдарё вилояти кенгаши мутахассиси Нуриддин Эгамбердиев. — Вилоят миқёсида оладиган бўлсак, тахминан 30-35 фоиз оқсоқоллар ахборот-коммуникация технологиясидан талаб даражасида фойдалана олади. Хусусан, маълумотларни киритиш, уларни ўзгартириш, электрон почтадан хат-хабарларни олиш имконига эга.

Ҳудудимизда янги сайланган раисларнинг 80 фоизи 45-60 ёшлар атрофида. Кўринадики, ёши улуғларнинг янги билимларни эгаллаши бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Шундай бўлса-да, кун талабидан келиб чиққан ҳолда уларга компьютер саводхонлигини ўргатиш зарур. Назаримизда, бунинг учун махсус курслар ташкил этиш керак. Эҳтимол, маҳалланинг ён-атрофидаги ўқув муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш керакдир.

Ҳозирги кунда янги технологияларсиз ишни ташкил қилишни тасаввур қилиш мушкул. Маҳаллада аҳолининг рўйхатини шакллантириш, кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш ҳар жиҳатдан қулай. Раисларга бу борада масъул котиб ва туман кенгаши мутахассислари амалий кўмаклашиб келмоқда.

Электрон базадан фойдаланишга тайёрмизми?

— Барчамизга маълумки, ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизнинг барча соҳаларига шиддат билан кириб келмоқда. Ахборот эса энг қимматли ва қадрли нарсага айланиб улгурди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлим бошлиғи Қудрат Мирзаев. — Уни тизимли ва эҳтиёткорлик билан қўллаш учун эса, албатта, билим ва кўникма талаб этилади. Президентимизнинг жорий йил 2 апрелда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун имтиёзли интернет тариф режаси ишлаб чиқилди. У бошқа тарифларга нисбатан анча арзон. 2020 йилнинг 1 январига қадар эса «Маҳалла» электрон базаси, яъни юртимиздаги барча маҳаллалар ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизими ишга тушиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда қандай маълумотлар киритиш, янгиланиб бориш фурсати, улардан кимлар фойдаланиши мумкинлиги каби масалалар кўриб чиқилмоқда.

Дастлаб яратилган электрон база юртимиздаги 14 та вилоят ва 200 та туманни қамраб олса, кейинчалик эса босқичма-босқич барча маҳаллаларни киритиб бориш кўзда тутилган. Бу лойиҳа тўлиқ ишга тушиши учун эса маҳаллалар тўлиқ компью­тер жиҳозлари, телефон ва интернет тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак. Шу билан бирга, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган ходимларнинг билим ва салоҳияти ҳам юқори бўлиши зарур. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, бошқа маълумотлар билан аралашиб кетмаслигининг олдини олишда бу жуда муҳим вазифалардан биридир.

«Маҳалла» электрон база тўлиқ ишга тушиши билан маълумотларни тезкор олиш имкони туғилади. Уларнинг ҳаққонийлиги таъминланади. Ҳамкор ташкилотлар билан маҳалладаги маълумотлар ўртасидаги тафовутларни бартараф этилишига, ягона ва ҳаққоний маълумотларга эга бўлишга эришилади. 

Мутахассислар фикрига кўра, юқоридаги ишга туширилиши режалаштирилаётган базага маълумотлар киритиш, улардан фойдаланиш учун маҳалла раиси ва бошқа ходимлар компьютер жиҳозларидан ўртача фойдаланиш даражасида, яъни ёқиш-ўчириш ва ишлата олиши керак. Office дастурларида эркин ишлай олиши, интернетнинг барча браузерларидан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиши зарур. Шу билан бирга, ахборот хавфсизлигига қатъий риоя қилиши шарт.

Кўриниб турибдики, ахборот-коммуникация технологияларидан эркин фойдалана олиш давр талабига айланган. Зеро, ҳар соҳада мукаммал билимга эга бўлган мутахассислар халққа қандай ёрдам кўрсатиш усулларини ҳам яхши билади. Шундагина оворагарчиликлар ва ортиқча қоғозбозликларга чек қўйган бўламиз.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сирдарё вилояти кенгаши матбуот хизмати

Report Page