Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов вафот этди — аввалроқ унда коронавирус инфекцияси аниқланган

Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов вафот этди — аввалроқ унда коронавирус инфекцияси аниқланган

@Sirdaryo
Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Турсунов Ёрқин Эргашевич 29 июль куни вафот этди. Ушбу маълумот Молия вазирлиги расмий вакили Kun.uz'га тасдиқлаган, дейилади нашр тарқатган хабарида.

Kun.uz манбасининг маълумотига кўра, Ёрқин Турсунов коронавирус инфекциясини юқтириб олиши оқибатида оламдан ўтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда расман 127 киши коронавирусдан вафот этгани қайд этилган.

1965 йилда Самарқанд вилоятинг Хатирчи туманида туғилган марҳум Ёрқин Турсунов 1990 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини бакалаврини тамомлаган. Мутахассислиги молиячи.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими аҳолини ижтимоий ҳимоялашни молиялаштириш бўйича назоратчи инспектори, бюджет инспекцияси I тоифали иқтисодчиси лавозимидан бошлаган.

1993- 2002 йилларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимияти молия бўлими мудири ўринбосари – бюджет инспекцияси бошлиғи, кейинчалик бўлим мудири бўлган.

2002-2006 йилларда Навоий вилояти ҳокимияти молия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

2006-2012 ва 2016-2018 йилларда Молия вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Ижтимоий ва молиявий таъминот хизмати бошлиғи бўлган.

Молия вазири ўринбосари лавозимига қадар, Ёрқин Турсунов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимида ишлаганди.

Report Page