Тест имтиҳонлари бошланди. ОАВга суратга олиш учун рухсат берилмаяпти

Тест имтиҳонлари бошланди. ОАВга суратга олиш учун рухсат берилмаяпти

 Sirdaryo Xabarlari
Фото: Халқ Сўзи Online

Бугун, 29 июль куни мамлакатимиз олий таълим муассасалари сиртқи таълим шаклига қабул тест имтиҳонлари бошланди. Бу хақида "Халқ Сўзи Online" хабар бермоқда.

Пойтахтимиздаги Экспомарказ миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ўтаётган жараёнларни кузатдик. 

Абитуриентлар тест варақларидан бош кўтармайди. Кузатувчилар уларнинг ҳар бир ҳаракатини назорат қилиб бормоқда. 

Бизнинг эътиборни тортган жиҳат: кўпчилик абитуриентларнинг имтиҳон бошланганига ўтар-ўтмас тест жавобларини топшириб, павильондан чиқиб кетаётгани бўлди. 

Ҳайрон қолдик: абитуриентлар шунчалик билимли бўлиб кетишганми ёки саволлар шу қадар осонлаштирилганми? 

- Низомий номидаги педагогика институтининг меҳнат таълими факультетига ҳужжат топширганман, - дейди янгийўллик Шоира Абдураҳмонова. - Имтиҳон кўнглимдагидек ўтди. Барча саволларни ечиб чиқяпман. Кўпчилиги таниш саволлар. Ўтган йили ҳам топширгандим. Лекин омадим келмаган. Тўғри, жавобларни таваккал қилиб ҳам белгиладим. Муҳими, билган саволларим ҳам тушди. Бу йил талабаликдан умидим бор.

Дарвоқе, фотомухбирларга мутасаддилар томонидан имтиҳон жараёнларини суратга олишга имкон берилмади. Низомга кўра, соат 10:00 дан 10:20 гача рухсат этилар экан. Аммо гуррас-гуррас ташқарига отланаётган абитуриентлардан бу вақтга келиб павильонлар бўшаб қолиши аниқ...

Report Page