Тест синовлари 29 июль кунидан бошланади

Тест синовлари 29 июль кунидан бошланади

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ОТМ бакалавриат йўналишига қабул тест синовларини ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар, кутилаётган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мавзуга доир: Мажид Каримов: Бу йил имтиҳон саволлари анча соддалаштирилган

Бу йил ОТМ бакалавриат йўналишида ўқиш истагида 1 миллион 66 минг 925 абитуриент рўйхатдан ўтди. Уларнинг 13 минг 821 нафари кечки таълим, 335 минг нафари сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширган.

Тест синовлари 29 июль куни бошланиб, 16 кун давом этади. Тест синовлари ўтказилиши учун 66 бино тайёрланди, уларнинг энг каттаси бир вақтнинг ўзида 1 минг 710 абитуриентни қабул қилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда бинолар учун 1 минг 155 дан ортиқ видеокузатув камераси, 120 дона мобиль алоқаларини тўсувчи қурилма, абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда металлорамалар, бармоқ изи асосида таниш воситалари ўрнатилди.

Тест синовлари ўтказиладиган биноларга захира электр тармоқлари уланди. Ота-оналарнинг кутиш жойлари учун соя-салқин жойлар белгиланди ва уларга маиший шароитлар ташкил этилди.

Абитуриентлар ва гуруҳ назоратчиларига ичимлик суви ва ручкалар харид қилиниб, биноларга тарқатилди. Тест синови иштирокчиларини тушлик пайтида иссиқ овқат билан таъминлаш учун шартномалар тузилди.

Бугунги кунга қадар 930 мингдан ортиқ абитуриент ДТМнинг расмий веб-сайтидан рухсатномаларини олган. Тест жараёнида тўлдирилиши лозим бўлган ҳужжатлар тартибга солинди ва абитуриент столига қўйиб чиқилди.

Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримовнинг таъкидлашича, бу йил янги жорий этилган тизим сабабли ҳужжат топшириш жараёнида абитуриентлардан 53 миллиард сўм миқдорида маблағ тўпланган. Тест синовларида яратилаётган шароитлар ана шу маблағ ҳисобидан амалга оширилмоқда. 

Report Page