Мирзачўл қовунлари Европа бозорларида

Мирзачўл қовунлари Европа бозорларида

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Мамлакатимиздаги барча соҳалар каби қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасини Сирдарё вилояти мисолида кўриш мумкин.

Саховатли Сирдарё заминида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки, экспортга ҳам катта миқдорда йўналтирилаётганини рақамларда янада ёрқинроқ кўришимиз мумкин. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоят миришкорлари 124 минг 171 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж бозорларига экспорт қилди.

– Экспорт қилинган маҳсулотларнинг 102 минг 944 тоннасини полиз ва сабзавот, 3 минг 565 тоннасини ҳўл мева ва узум ташкил этган бўлса, қолгани, саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади, – дейди ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном-инспектори Шерзод Рустамов. – Эътиборли томони бугунги кунда Европа бозорларида Сирдарё қовунларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда олти ой давомида экспортёр корхоналар томонидан Германия, Латвия, Россия давлатларига 169 тонна қовун экспорт қилинди ва ҳозирги кунда ҳам бу жараён давом этаётир.

Айтиш жоизки, сирдарёлик бободеҳқонлар томонидан етиштирилган, мазаси тилни ёрар қовунлар асосан Мирзаобод туманида жойлашган «Редпак» масъулияти чекланган жамияти томонидан хорижий давлатларга экспорт қилинаётир. Ушбу корхона томонидан ўтган йили 2 минг тонна қовун ва тарвуз маҳсулотлари Россия, Латвия ва бошқа Европа давлатларига экспорт қилинган бўлса, бу йил 3 минг тонна маҳсулот нафақат Европа, балки Осиё давлатларига ҳам катта миқдорда экспорт қилинмоқда.

– Корхонамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти бир қанча технологик жараёнларни ўз ичига қамраб олади, – дейди корхона иш юритувчиси Шуҳрат Холиқулов. – Масалан даладан олиб келинган қовун ва тарвуз маҳсулоти аввал совутгичга қўйилиб, 10 даража ҳароратда совутилади. Сўнг маҳсулотнинг сифатига ва ташқи кўринишига қараб махсус қутиларга солиб қадоқланади. Ундан сўнг, қовун ва тарвузнинг сифати бузилмаслиги учун яна совутгичга қўйилиб, 5 даража ҳароратда совутилади ва сўнгра хорижий давлатларига экспорт қилинади.

Қовунчиликда – бобо деҳқон қовун уруғини ерга қадаб, то пишиб етилгунга қадар, уни турли зараркунанда ҳашарот ва касалликлардан ҳимоя қилиши муҳим аҳамиятга эга. Масалан, биргина «қовун пашшаси» ҳашоратининг тушиши оқибатида, кейинги йилларда нафақат қовунга, балки бошқа полиз экинларига ҳам жиддий зарар келтирар эди.

– «Қовун пашшаси»нинг тушиши оқибатида, вилоятимиз деҳқонлари бир неча йиллар давомида мўлжалдаги ҳосилни ололмай, сарфлаган меҳнати ва харажатларига куйиб қолишган пайтлари ҳам бўлди, – дейди ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси 1-тоифали ўсимликлар карантини чегара маскани агроном-инспектори Элбек Қўчқоров. – Бу зараркунанда ҳашоратларга қарши биологик ва кимёвий усулда кескин курашиш олиб бордик. Бу борада миришкорларимизга берган тавсияларимиз ҳамда ҳамкорликда олиб борилган ишларимиз самарасида бугун Сирдарёда фитосанитар тоза полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Шу кунларда вилоят далаларида етиштирилган қовун, тарвуз маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, яна саноқли ҳафталардан сўнг анор, узум ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилган сабзавот, кўкат ва дуккакли дон маҳсулотларини ҳам экспорт қилиш бошланади.

Дарҳақиқат бугун Сирдарё вилоятида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нафақат Европа ва Осиё, балки жаҳон бозорларида ҳам талаб ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида вилоятнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш билан бир қаторда бобо деҳқонларга фахр, даромад ва албатта, катта масъулият ҳам юклайди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

Report Page