Сирдарё МИБ: Сирдарё тумани МИБ ходимлари 2 йилдан бери ҳаққимизни ундириб бермаяпти, деган мазмундаги важлар асосга эга эмас

Сирдарё МИБ: Сирдарё тумани МИБ ходимлари 2 йилдан бери ҳаққимизни ундириб бермаяпти, деган мазмундаги важлар асосга эга эмас

@hokimiyatpress
Фото: Сирдарё МИБ

Аниқланишича Сирдарё вилоят иқтисодий судининг 16.07.2018 йилдаги қарздор “Сирдарё марказий йўллардан мунтазам фойдаланиш” УКдан ундирувчи “Олма ва арча ниҳоллари” фермер хўжалиги фойдасига 27 530 000 сўм асосий қарз, 275 300 сўм давлат божи ҳамда 16 000 сўм почта харажати ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Сирдарё тумани бўлими иш юритувига 16.07.2018 йилда келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган.

Бундан ташқари, мазкур бўлим иш юритувида қарздордан бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 4 007 077 472 сўмлик қарз ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, барча ижро ҳужжатлари “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25 прим бир-моддасига асосан йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилган.

Мазкур ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорнинг АТБ “Агробанк” Сирдарё вилоят филиалидаги банк ҳисоб рақамларига банд солинган.

Ижро ҳаракатлари давомида, давлат ижрочиси томонидан солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларига асосан қарздор корхонага тегишли 2 та бино-иншоотлари, “МАЗ” русумли 2 та автотранспорт воситалари, Каток русумли махсус техника воситаси хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.

Қарздорга тегишли бўлган “МАЗ” русумли автотранспорт воситасининг сотувидан тушган 25 969435 сўм пул маблағи ҳисобидан Қонуннинг 80-моддасига мувофиқ ундирувлар навбатига кўра тақсимланган 816 130 сўм пул маблағи 18.12.2019 йилда ундирувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Ижро ҳаракатлари давомида, 18.05.2020 йилда қарздорга тегишли бўлган “МАЗ” (махсус цистерна) 20 168 ҒАА давлат рақамли автотранспорт воситаси хатланиб, 27 930 291 сўмга, “Каток” русумли 20 764 АА давлат рақамли махсус техника воситаси хатланиб, 32 439 040 сўмга қайта баҳоланган ва электрон онлайн-аукцион савдога чиқарилган.

“Каток” русумли махсус техниканинг навбатдаги аукцион савдоси 03.08.2020 йилга, “МАЗ” (махсус цистерна) автотранспорт воситасининг навбатдаги аукцион савдоси 04.08.2020 йилга белгиланган.

Келгусида қарздорнинг ҳисоб рақамларидан ҳамда мол-мулкини реализация қилишдан тушадиган пул маблағлари “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 78,80-моддаларига мувофиқ ундирувлар навбатига кўра тақсимланади.

Мазкур сайтда келтирилган Сирдарё тумани МИБ ходимлари 2 йилдан бери ҳаққимизни ундириб бермаяпти, деган мазмундаги важлари асосга эга эмас.

Сабаби, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига кўра, ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида амалга оширилиши ва ижро этилиши кераклиги белгиланган.

Бундан ташқари, ижро ҳужжати ижрога келиб тушган даврдан буён қарздор корхонадан солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисида мунтазам равишда ижро ҳужжатлари қолдиқда бўлганлиги сабабли қарздор корхонадан ундирилган пул маблағлари “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 80-моддасига мувофиқ биринчи навбатда қарздорнинг солиқ қарздорлигини қоплашга йўналтирилиб келинган. 

Шунингдек, ҳозирда қарздор корхонанинг мол-мулклари хатланиб, электрон онлайн савдога чиқарилган ҳамда келгусида ушбу мулклар сотилиши билан қарздорликни қоплашга йўналтирилади.      

МИБ Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Report Page