Беморларни кўрдим, аммо менга ҳам ҳаво етмай қолди

Беморларни кўрдим, аммо менга ҳам ҳаво етмай қолди

@Sirdaryo
Фото: Видеодан скриншот

Сунъий нафас бериш аппаратидан чиқаётган ҳар хил овоз, яшаш учун курашаётган касал киши ҳолати юрагимда қўрқув уйғотди. 

Тасвирлаб ҳам таърифлаб ҳам бера олмайман. Олдинига ўзимда куч ҳам журъат ҳам сеза олгандим. Ҳимоя кийимларини кийгунча йўлак бўйлаб боряпман. Олдимдачи шифокор. Мен бормоқчи ва даволаётган беморларни кўрмоқчи бўлган бўлимим томон йўл кўрсатяпти.

Пашша учса билинади, жимжит. Яқинлашяпман, реанимация, дея эшиги ёзиб қўйилган бўлимга.

Юрагимда ҳадик ва хавотир, тез-тез юрагим ҳам ўра бошлади. Бўлим эшиги очилди, на юзи, на кўзи кўринмайдиган даражада кийинган врачлар, ҳамширалар, бекалар салом беришди менга. Мен ҳам... уларни ўзга сайёраликларга ўхшатдим. Ўзимни ҳам. Кийган кийимимиз ҳам шунга монанд.

Хона эшигини очишди. Каттагина хона. Кўзим энг биринчи хонадаги каравотга, қийналгунча нафас олаётган беморга, ҳар хил тушунарли ва тунашарсиз, те-те, те-те, те-те, чайилиб овоз чиқараётган аппаратларга тушди.

«Менга нима бор эди», - дея ўйладим. Қўрқа бошладим. Ўзимни улар ўрнига қўйиб кўрдим. Айтолмайман, яна қандай холга тушганлигимни.

«Фаҳриддин Ҳамидовман», деб ўзини таништирган шифокордан секингина сўрадим. «Беморларни соғлиғи яхшими, бирон бир ўзгариш борми?»

«Насиб қилса бўлиб қолар. Биз ҳам шу илинжда қараяпмиз», - дейди у. Бошқа ҳеч нарса сўрамадим. Тушунарли, деганча бошимни қимирлатим. Хонадаги дориларни кўрсатди. Касаллик тарихини ўқий бошлади. Бири 1962 йилда, яна бири 1984 йилда яна бири 2000 йилда, яна бири 2004 йилда туғилган фуқаролар...

Кимнидир ёри, кимнидир фарзанди, яна бири эса ўн гулидан бир гули очилмаган кимнидир жигарбанди. Юрагимни оғриғи кучай бошлади. Вужудимда эса титроқ. Гапи гаштакда, туйу баъзимда, ўртоқлари даврасида гап бермайдиганларнинг аҳволи. Коронавирус қай аҳволга солиб қўйган буларни. Ўзимда базўр куч топиб турибман. «Курашмоқда ўлар вирус билан», - дейди шифокор. Менку бир зумгина қарадим буларга. Шифокорлар эса тун кун улар билан. Олишяпти вирус билан тўшакдаги бемор сингари. Менга ҳаво етмаяпти, беморга ҳам. Бошқа ҳеч нарса сўрай олмадим. Олиб келган матоҳим билан суратга олдим, тезда ортимга қайтдим. Фақатгина сўнги айтганим беморларга яратганнинг ўзи шифо, улар ёнларида парвона бўлаётган шифокорларга сабр сўрадим.

Яна ўша эшик, ўша йўлак. Боряпман йўлакдан. Яшаганлигимга, соғ саломат экканлигимга шукур қилиб.

Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари

Report Page