Янгиланаётган Ўзбекистон: тарихни кучлилар яратади

Янгиланаётган Ўзбекистон: тарихни кучлилар яратади

 Sirdaryo Xabarlari
Фото: ЎзА

Эсингизда бўлса, коммунистик партия манифести мана бундай риторик ва айни пайт­­да шубҳали бир жумла билан бошланарди: “Европада бир шарпа кезиб юрибди...”.

Лекин бу шарпа худди арвоҳ янглиғ ўзини кўрсатмади, жамиятларга “жаннат” ваъда қилган таълимот одамларга бахт ўрнига кулфат олиб келди.Албатта, бу – тарих. Лекин бугунги эврилишларни ҳис этишда ортга бир ўгрилиб қараш хулосаларимизни янада тиниқлаштиради. Ҳуррият тонгидан кейинги ҳаётимиз ҳам осон бўлган эмас. Мустақил давлатни шакллантириш, жамиятни мустамлака асоратларидан тозалаш, умри қора меҳнатда ўтиб косаси оқармаган халққа муносиб турмуш шароити яратиб бериш – бу жуда катта масъулият эди...

Биз бугун қадам олган, “Мирзиёев даври” ҳақида мулоҳаза юритаётганимизда бир енгилликни ҳис этиб турамиз. Яъники, бугунги кунга нормал баҳо бериш учун ўтган замонни “олабўжи” қилиб кўрсатиш, чучмал муқояса ясаш шарт эмас. Зотан, янгиланаётган Ўзбекистон динамикаси ўтмиш хатоларини титкилаб обрў топишни эмас, одамларнинг бугунги кунини фаровон қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Кейинги уч йил, айтиш мумкин бўлса, дунё харитасида Ўзбекистоннинг тутган ўрни ва мақомини хийла ўзгартирди. Бу биз кўзимиз билан кўриб турган, турмушимизда акс этаётган янгиланишларнинг инъикоси, албатта.

Бир неча сиёсий тузумни кўрган, сиёсатшуносликнинг нонини еган, халқнинг турмуш-тарзи, элнинг кайфиятидан бохабар, қолаверса, шу азиз ватанни севувчи бир фуқаро сифатида бу ўзгаришлар – улкан ислоҳотлар мени ниҳоятда мамнун ва мутаассир этади.

Аслини олганда, бани-башар ўз тақдирида бир қанча назарияларни ўзида жамлаган инсонпарвар ва аксилинсоний сиёсатларни кўп марта синаб кўргани инкор қилиб бўлмас факт. Лекин оддий ҳақиқат шуки, давлат юритадиган сиёсат адолатли, элпарвар ва эзгу бўлсагина одамлар ундан рози бўлади, дунё ҳамжамияти уни тан ­олади.

Шу маънода, Президент Шавкат ­Мирзиёев амалга ошираётган халқчил сиёсат бугунги жадал ўзгариб бораётган, постмодерн дунёда Ўзбекистоннинг жаҳон билан интеграциялашувини янги босқичга олиб чиқди, деб бемалол айтишимиз мумкин.

ХАЛҚПАРВАРЛИК ФЕНОМЕНИ

Одамзоднинг феъли шундайки, у кучлиларнигина тан олади, унга эргашади. Кучли ва мард одам эса яқинларининг, ёнидагиларнинг дардига дардманд бўлади, элининг корига ярайди.Президентимизнинг дунё саҳнида энг кучли етакчилар сафида тан олинишида ҳам аслида,унинг халқ манфаати йўлидаги эзгу ташаббуслари, шу билан биргаликда, бугун жаҳонда юз бераётган глобал муаммоларга оқилона ёндашуви турибди.

Шавкат Мирзиёевни узоқ йиллардан буён биладиган одам сифатида айтаманки, ундаги халқпарварлик, одамларга бўлган чексиз меҳр-у муҳаббат кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Бу унинг сийратидаги туғма бир хислат, десам адашмайман. У киши билан танишувимиз ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларига тўғри келади. Ўшандаёқ, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизация­лаш муҳандислари институтининг ёш раҳбаридаги ғайрат ва шижоат, самимийлик ва одамийлик фазилатлари кўпчилик қатори мени ҳам ром этган эди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманига раҳбар, Олий Мажлисга депутат бўлган даврида бу ёш ва серғайрат, кўзидан ўт чақнаб турадиган йигитнинг ташаббуслари, халқ ва ватан манфаати йўлидаги орзу-ўйлари кўпчиликда унинг порлоқ эртаси ҳақидаги тасаввурни шакллантириб бўлган эди.

Шавкат Миромонович Жиззах вилоятига раҳбар бўлган кезларда кунни тунга улаб ишлар экан, одамларнинг ҳолидан хабар олишга ҳам улгурар ва буни ўзининг бурчи, деб биларди. Форишнинг энг олис яйловларидаги ўтовда яшаётган чўпон-чўлиқлар ҳаёти ҳам унинг фикр-у хаёлини тарк этмас, чунки у менинг ишимга баҳони пойтахтдаги салқин хоналарда қаҳфа ҳўплаб ўтирган амалдорлар эмас, мана шу оддий, меҳнаткаш халқ беради, деб қатъий ишонарди. Ҳаётга бўлган бундай қараш, ўзига бўлган талабчанлик йиллар давомида янада кучайиб борди. Президент сифатида иш бошлагач, бу хислатлар янада бўртиброқ кўрина бошлади. Ҳудудлардаги учрашувлар, одамларнинг кайфияти, яшаш тарзи билан қизиқиш, уларнинг дард-у орзуларини тинглаш, халқнинг ичига кириш, уни рози қилиш деган талабларнинг ўртага қўйилиши, аслида,Президент табиатидаги ўша феномен билан бевосита боғлиқ. Тўғри, бошида бу ҳаракатларнинг самимийлигига шубҳа қилганлар, буларнинг бари “вақтинчалик пиар” дея ўйлаганлар ҳам бўлди. Лекин ёрқин самимият ва қатъий ирода бу ўй-хаёлларни тарқатиб юборди. Қолаверса, ўзининг ҳақлигини исботлашга вақт ҳам йўқ эди. Негаки, одамларнинг ичи дардга, турмуши муаммога тўлиб кетганди. ­Шавкат Мирзиёев буни чуқур биларди, ҳис этарди. Давлат раҳбари шу сабаб ишни халқ билан мулоқот қилмоқ, халқдан ҳол сўрмоқдан бошлади.

Бугун Юртбошимизнинг эл дардига малҳам бўлишдек кенг кўламли эзгу ишлари самарасини кўрар эканмиз, ҳазрат Навоийнинг машҳур сатрлари ёдга келаверади:

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Ўзингиз холисанилло айтинг, бундан атиги уч йил илгариям оддий бир раҳбарнинг олдига кириш, муаммони айтиш имкони бормиди?! Ўтган қисқа муддатда эса барча раҳбарлар халқ олдига боришни, одамлар билан мулоқот қилишни ўрганди. Кабинетда ўтириб, масалани ҳал этишларга барҳам берилмоқда. Одамларнинг фикри сўралмоқда. Уларнинг муаммоларига ечим изланмоқда.

Буларнинг барчаси янгиланаётган Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўли сифатида жаҳон афкор оммасида ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани бор гап.

Дунё сиёсатчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни кузатар экан, бу янгиланишлар ташаббускори ­Шавкат Мирзиёевни “Хитой мўъжизаси” муаллифи Дэн Сяопинга қиёслашмоқда.

Эҳтимол, бу ўхшашликни таҳлилчилар очиқлик ва кескин ислоҳотлар асосида донишмандлик билан иш тутган Дэн Сяопиннинг “Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин” деган ягона шиори билан Шавкат Мирзиёевнинг “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак” деган амалий ташаббуслари ўртасида кўрган бўлишлари ҳам мумкин.

Нима бўлганда ҳам, уларнинг рўёбини бугун халқимиз ўз ҳаётида кўра бошлади. Бу ижтимоий ҳаётдаги энг оддий элементларда кўзга ташланмоқда. Мана, масалан, электр энергия­­си, газ таъминотидаги муаммолар ечим топди – қишлоқларда чироқ ўчмай қўйди. Йўлларга эътибор қаратилди. Уйсизлик муаммосини ҳал этиш кун тартибидан доимий жой эгаллади. Нақд пул топиш ташвиши бартараф этилди. Банклар олдидаги турнақатор нав­батлар йўқ бўлди. Тадбиркорликка кенг йўл очилди... Ва бу жўнгина кўринган масалаларнинг силлиқ ҳал этилгани одамларда эртанги кунга умид уйғотди, бахт­­ли ва фаровон турмуш кечиришлари мумкинлигига бўлган ишончни собит қилди.

АДОЛАТ ШУНДАЙ ҚАРОР ТОПАДИ...

Тарихдан маълумки, буюк салтанатлар пойдевори адолат устига қурилсагина қудрат ва шуҳрат топган. Буни Соҳибқирон бобомизнинг ўз давлати негизини “куч адолатдадур” деган ғоя устига барпо этганлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Лекин глобаллашаётган бугунги дунё нафақат сўзга, балки тушунча ва ахлоқ нормаларига ҳам ўзгача “масъулият” юкламоқдаки, буни биз адолат тамойилининг жамиятлардаги тутган турлича ўрнида ҳам кўришимиз мумкин.

Очиғини айтганда, “адолат” сўзи бир ахлоқий термин ўлароқ, тилимиз учун янгилик эмас. У деярли ҳар куни қулоқларимиз остида жаранг сочиб турадиган бир сўздир. Биз ҳаттоки, совет тузуми даврида ҳам адолат ҳақида гапириб тинмас эдик. Бу ўша пайт­­га хос социалистик адолат эди. Ўтган чорак асрлик мустақиллик даврида ҳам “адолатли жамият” қураётганимизни бот-бот такрорладик, катта минбарларда оғиз кўпиртирдик. Бу ҳам ўша нутқни ирод этаётган одамларнинг ўзига хос “адолат”и эди. Аммо бу сўзга бир тушунча ва назария сифатида қаралар экан, турфаликни кўриш мумкин. Демакки, назария назариядан фарқ қилади. Янаям соддароқ қилиб айтганда, адолатни бир сиёсат сифатида амалда қўллаш ва унинг одамлар турмушида акс этишини таъминлаш Мирзиёев ислоҳотининг устувор тамойилига айланди. Образли қилиб айтганда, Президент бу тушунчани ҳукумат саройидан ташқарига, халқ орасига олиб чиқишни ва унинг ижтимоий ҳаётда гуркираб яшнаши ҳамда барпо этилаётган жамиятнинг асосий устуни бўлишини таъминлашни ўзининг қатъий мақсади қилиб белгилади. Бунга сабаб бор эди. Яъники, барчамизнинг ичимизда “аслида адолат ўрнатиш зиммасига юкланган шахс­ларнинг ўзи адолатсиз бўлса-чи? Адолатни, аслида, уларнинг ўзлари бузишса-чи?”, деган ҳақли иддао яшаб келаётганди.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги минглаб одамларнинг оҳ-воҳлари, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги миллат равнақига рахна солувчи тартиб-тамойиллар, кўзбўямачилик­лар, қонун ҳимоя­чилари томонидан одамларнинг топталган ҳуқуқлари, фақатгина сиёсий элитанинг манфаатларига хизмат қилувчи тизимлар, иш юритиш тартиб­лари... Бундай адолатсиз адолатнинг санаб адоғига етиб бўлмасди. ­Президент бу курашнинг нечоғли хавф-хатарлар билан чирмашиб кетганини жуда яхши ҳис этган ҳолда бугунгача халқ истаган адолатни ёқлаб келмоқда.

Бугун Шавкат Мирзиёев феноменини белгилаб берувчи бош асослардан бири бўлган “Халқ қабулхоналари”га шу вақтгача келиб тушган 2 миллиондан ортиқ ариза ва шикоятларни бир саралаб, ўрганиб кўрсангиз, бунинг моҳияти нақадар чуқур эканлигига гувоҳ бўласиз.

Тобора ҳаётимизга сингиб бораётган, турмушимизга файз киритаётган бугунги инсонпарвар сиёсат менга доимо Конфуцийнинг бир ҳикматини эслатади: “Инсонни севиш сув ва оловдан ҳам муҳимроқдир. Чунки мен сув ва олов одамларни ҳалок этганига кўп гувоҳ бўлганман. Бироқ инсонни ардоқлаганларнинг ҳалокатга учраганини сира кўрмаганман”.

Яқинда Суриядаги қонли жанггоҳлардан 157 нафар ватандошимиз юртимизга қайтариб олиб келинди. “Меҳр” деб номланган ушбу амалиётнинг амалга ошмоғидаги қийин­чиликлар бошқа масала. Ҳозир мен унинг тафсилотлари хусусида эмас, балки Президентни бу серғалва ишга ундаган инсоний бир сифат – миллатдош ва ватандошга бўлган қайноқ меҳр тўғрисида гапирмоқчиман. Давлат раҳбарининг халққа бўлган меҳри унинг нафақат ватанпарварлигини, балки иймони бутунлигини ҳам кўрсатиб туради. Аслини олганда, ўша адашган ватандошларимизни бошқаларга ўхшаб, булар ватан хоинлари, бу тупроқда уларга ўрин йўқ, дея инкор қилиб, масалани осон ҳал этиш ҳам мумкин эди. Лекин бунинг акси бўлди. Янги ҳукумат адашган фарзанд­ларни бир мушфиқ она янглиғ бағрига олди, унинг бошини силаб меҳр кўрсатди. Бу юксак инсоний меҳр, метин сиёсий ирода ва денгиздай мавжланиб ётган улкан қалбнинг қатъий хулосаси эди...

Бундан ташқари, кейинги уч йилда мамлакатимизда қанчадан-қанча адашганларга имконият берилди. Эътиборлиси, бу борада инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Натижада, жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган минглаб инсонлар жазодан озод қилинди. Қолаверса, минглаб шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, минглаб шахслар эса суд залидан озодликка чиқарилди...

Айтинг-чи, бундай адолат тантанасидан инсон қалби ларзага келмайдими? Айниқса, ноҳақ айбланиб ҳибсда ўтирган кишиларнинг оқланиши ортидан улар оиласидаги шод-у хуррамлик, давлат ва жамиятга бўлган ишонч­нинг ортганини нима билан ўлчаб бўлади?!

Жамиятда адолатни қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кенг маънода дастлабки меваларини бера ­бошлади. Мамлакат фуқаролигига қабул қилиш, чегара муносабатларини тартибга солиб, давлат идораларини тўлиқ халқ учун хизмат қилдириш каби бизга мутлақо янги бўлган амалиётлар халқнинг турмушида ижобий акс-садо бера бош­лаганига анча бўлди.

Меҳнат муносабатлари бўйича қарашлар ҳам буткул ўзгармоқда. Ўтган йилларда Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳамда хорижий экспертлар иштирокида пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича олиб борилган тизимли мониторинглар натижаларига кўра, мамлакатимизда болалар меҳнати мавжуд эмаслиги ҳамда мажбурий меҳнатга қарши мамлакатимизда жиддий чоралар кўрилаётганини дунё ҳамжамияти тан олди.

Ўзбекистонда етиштириладиган пахта АҚШ Меҳнат вазирлиги эълон қилган “Болалар меҳнати ёхуд мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати”идан ўчирилгани қайд этилди. Бу мус­тақиллигига қарийб 30 йил бўлаётган мамлакатнинг халқаро миқёсдаги улкан ғалабаси, аслида. Буни тушунган тушунади.

Жорий йилнинг 13 мартида 2018 йили дунёдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик маърузада АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли яхшиланганини эътироф этди. Мазкур ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муваффақиятли қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар алоҳида қайд қилинди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги янгиланишлар ҳам бошқа ислоҳотлар каби кўплаб хорижий ташкилотлар ва давлатлар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

МАРВАРИД ЖИЛОЛАРИ

Юртимиздаги бугунги улкан ва жўшқин эврилишларни кузатиб, Сингапурни “учинчи ­дунё”дан тепага олиб чиққан буюк бунёдкор Ли Куан Юнинг ислоҳотлари ёдга келади.

У ўзининг юксак ақл ва фидокорона меҳнати билан ўтган асрнинг 50-йилларигача ҳеч ким назарга илмайдиган, тайинли табиий бойликка эга бўлмаган, ичимлик суви ва қурилиш учун тупроқнигина экспорт қилган Сингапурни Ер юзидаги энг тинч ва бизнес учун қулай мамлакатга айлантира олган эди.

Ўзбекистон ўз истиқболини инновацион стратегияда кўраётганини бугун кўплаб халқаро кузатувчилар эътироф этишмоқда. Инновация­­ни эса амалиётга билимли ва ташаббускор ишбилармонлар олиб киради. Айнан шу боис ҳам давлатимиз раҳбари мамлакат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминловчи энг муҳим бўғин– тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратди.

Тадбиркорлар олдидаги ғовлар олиб ташланмоқда. Солиқ, божхона, ер майдонлари ажратиш борасидаги муаммолар бартараф этилмоқда. Оддийгина мисол: олдин ҳам тадбиркорни қўллаб-қувватлаймиз, уларга қулайликлар яратяпмиз, дердик. Аммо фаолиятдаги биргина солиқ юки уларни ўнғарилмас аҳволга солган, “хуфёна” иқтисодиётга сабаб бўлаётган, тизимда коррупциянинг илдиз отишига олиб келаётган эди. Ўтган йили Солиқ концепциясининг қабул қилиниши тадбиркорлик ва умуман, ижтимоий ҳаётда кескин бурилиш ясади десак, янглишмаган бўламиз.

Бу борада бизга илгари номаълум бўлган яна бир муҳим сектор борки, у яқин йилларда иқтисодиётимиз ривожига катта ҳисса қўшади. Бу – туризм соҳасидир. Заминимизни дунё марвариди десак, адашмаймиз. Бироқ дунё ҳавас билан боқадиган тарихий шаҳарларимизни оламга кўз-кўз қилиш ўрнига уни сунъий равишда кўринмас девор билан иҳоталаб келдик.

Оқибат нима бўлди? Пировард натижа шу бўлдики, биз узоқ йиллар туризмдан келадиган миллиардлаб валютадан қуруқ қолдик. Қайсарларча тутган тутумимиз уволи охир-оқибат халқнинг елкасига тушди. Бугунгидан ўн чандон барқарор бўлиши мумкин бўлган миллий иқтисодиётимиз йил сайин инқироз сари “одимлади”.Албатта, мавжуд имкониятлардан ортиғи билан фойдаланиш, иқтисодиётга янгича қарашни шакллантириш мамлакат иқтисодий қудратини оширади. Бу борада хориж инвестициясининг ўрни бўлакча, албатта. Шу боис, Шавкат Мирзиёев мамлакат инвестицион жозибасини кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Эркин иқтисодий зоналарнинг кўпайиши, инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни яратиш, енгиллик ва имтиёзлар бериш пировардида инновацион иқтисодиёт жаҳон сармоядорларининг Ўзбекистонга қизиқишини оширмоқда.

Бугун Ўзбекистон улкан бунёдкорлик оғушида. Биргина “Tashkent city” лойиҳасида зуҳр топган маҳобат ва тугаллик гўёки янги Ўзбекистоннинг тимсолидек таассурот қолдиради одамда.

Яқинда бу ҳудудда Марказий Осиёдаги энг баланд бино қурилиши бошланди. “Осмон барча учун” шиори остида қурилаётган бу мазкур иншоот бизнинг орзу ниятларимиз рўёби монанд кўкка бўй чўзиб туради.

Юртимизда шиддат билан кечаётган ислоҳотлар халқаро молия институтлари нигоҳини ўзига қаратаётгани қувонарлидир. Хусусан,“Fitch Ratings”, “Standart & Pooʻrs” сингари нуфузли агентликлар илк марта халқаро суверен кредит рейтингини белгилади. Бу рейтинг баҳолари “барқарор” прог­нозга эга бўлиб, 12-18 ой мобайнида ушбу кўрсаткичнинг пасайиш эҳтимоли камлигини билдиради.

Айтиш жоизки, эришилаётган бундай рейтинг баҳолари кўпгина ривожланаётган давлатларга нисбатан юқорироқдир. Жаҳон банки экспертлари маърузасига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 5,3 фоизга,

2020 йилда 5,5 фоизга, 2021 йилда эса ­6 фои­з­­га ўсиши прогноз қилинди.

Бу ислоҳотлар биз кутган натижаларни бераётганидан далолат.

ОЧИҚЛИК ВА САМИМИЯТ — ИНТЕГРАЦИЯ АСОСИ

Бугун мамлакатимиз ташқи, шу жумладан, минтақавий сиёсатида ижобий ўзгариш­лар кузатиляпти. Бу Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатларда тинчлик, яқин қўшничилик, ҳамкорлик ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим ташаббусларни илгари сураётгани билан бевосита боғлиқ.

Ўтган уч йилда Марказий Осиё давлатлари билан самимий муносабатларнинг кучайиши сабаб минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит юзага келди. Қўшнилар ўртасида ўзаро ишонч алоқалари мустаҳкамланяпти. Халқ тили билан айтганда, “музлар эримоқда”.

Ўзбекистоннинг яқин қўшнилар билан муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинаётганининг ўзига хос сабаблари бор. Негаки, мамлакатимиз минтақа сиёсатини белгилашда ҳал қилувчи кучга эга. Буни нуфузли сиёсатчилар, давлат ва жамоат арбоблари кўп таъкидлашган.

Хусусан, ХХ асрнинг кўзга кўринган сиёсатшуноси Збигнев Бжезинский саксонинчи йиллар охирида халқаро вазиятга баҳо бериб, “Ўзбекистоннинг мус­тақиллиги Ўрта Осиёдаги бошқа давлатларнинг яшаб кетмоғи учун жуда катта аҳамиятга эга”, дея таъкидлаган. Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айт­матов эса “...Ўзбекларнинг Марказий Осиё халқларига таъсири Византиянинг қадим Русга таъсиридан асло кам эмас” дея эътироф этган ўз пайтида...

Ташқи сиёсатдаги прагматизм ва очиқлик МДҲ доирасида ҳам кўзга ташлана бошлади. Давлатимиз раҳбари ушбу ташкилотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини, чунки бу тузилма устувор соҳаларда ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институти эканини таъкидлаб келади. Мазкур тузилма Иқтисодий Кенгашидаги Ўзбекистон иштирокининг қайта тиклагани эса ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун имкониятлар эшигини очди.

Маълумки, ташкилот фаолиятининг дастлабки 25 йили мобайнида Ўзбекис­тонда бирор марта ҳам МДҲ Саммити ўтказилмаган. Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Ҳамдўстликка Раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекис­тонда ўтказишни таклиф қилгани ҳамкорликнинг янги босқичга чиқиши баробарида МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистоннинг нуфузи ошиб бораётганини ҳам кўрсатади.

ЭЛПАРВАР ғоялар муаллифи

Президент Шавкат Мирзиёев дунё сиёсати кун тартибига ҳам ижобий ғоялар олиб кирмоқдаки, уларни жаҳон ҳамжамияти илиқ қабул қилиб, ҳаётга жорий этмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шерик­лик траст фонди яратилиши ана шундай ташаббус­лардан биридир.

Дунёда катталиги бўйича қачонлардир етакчи ўринда турган Орол денгизи собиқ ­иттифоқ даврида сув ресурсларидан ­нооқилона фойдаланиш оқибатида ҳалокатга юз тутди. Минтақада ўнглаб бўлмас экологик ва ижтимоий муаммолар юзага келиб, одамлар бу ерлардан бош олиб кетишга мажбур бўлишди.

Бугун давлат раҳбарининг ташаббуси билан бу ердаги экологик ҳолатни юмшатиш, халқнинг дардига дармон бўлиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Оролбўйидаги энг оғир ҳудуд – Мўйноқ тумани қизғин меҳнат ва улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Мўйноқлик­ларнинг турмуш тарзи эндиликда бутунлай ўзгармоқда. Ҳудуддаги кўплаб овуллар “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига киритилди. Туман марказида кўп қаватли уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканлари қурилиши бош­ланди. Шу кунгача ишга солинмаган имкониятлар, денгиз қирғоғидаги лойдан оҳак, қумдан ойна, чиғаноқлар қолдиқларидан совун ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Дарё суви етган жойларда қизилмия, денгизнинг шўр сувидан артемия олиш, ош тузи, томат пастасини тайёрлаш цехлари очиш режалаштирилмоқда. Бу ишлар учун тадбиркорларга банклардан кредитлар берилди. Экотизимни тиклаш мақсадида Оролқумда саксовулзорлар барпо этилди.

Мўйноқдан келаётган хушхабарларда эзгулик барқ уриб ташаббуслар рўёбини кўриш одамга завқу шавқ бағишлайди, албатта.

Глобал муаммолар: Маърифий ислом ва ёшлар масаласи

– Иккинчи минг йилликнинг сўнг­­ги йилларида иккита муҳим воқеа рўй берди, – дейди британиялик илоҳиётшунос олим Тимоти Уинтер. – Коммунизм инқирозга юз тутди ва журналистлар тилида “Ислом мутаассиблиги” деб аталадиган ҳодиса фавқулодда кучайди.

Минг афсуски, илоҳиётшунос олим иддаосида жон бор. Чунки, айнан XX асрнинг охирига келиб дунё жўғрофий-сиёсий саҳнасидаги кўп талотўплар муқаддас Ислом дини билан ниқобланган ҳолда содир этилди. Хусусан, Яқин Шарқдаги нотинч ҳаёт, Афғонис­тондаги қирғинбаротлар, Ироқ, Эрон, Покистон, Сурия ва Чеченистондаги худкушлик ва биродаркушликлар, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, ватанимизда 1999 йил февраль ойида юз берган ва ундан кейинги муд­ҳиш воқеалар, Андижонда содир этилган қонли воқеалар, барча-барчасида, афсуски, Ислом дини асосий омил сифатида талқин этилди. Лекин, аслида шундайми? Буюк боболаримиз Нақшбандий, Бухорий, Термизий, Мотурудий, Румийлар кўзга тўтиё этиб, унинг ривожига ҳаётини бағишлаган мўътабар ислом дини ­бузғунчилик ва қон тўкишга йўл берадими?..

Асло ундай эмас! Маърифий дунё бугун буни тан олмоқда. Ва мазкур йўналишда янгиланаётган Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратмоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилиниши диний эркинликни таъминлаш, бу борадаги ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекис­тон етакчиси томонидан илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижаси эди.

Элликдан зиёд давлат ҳаммуаллифи бўлган мазкур резолюцияни БМТга аъзо ­барча мамлакатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг тинчлик, динлараро ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва интеграцияни илгари суришга қаратилган ташаббусларининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши эди.

Дунёда диний мутаассибликнинг олдини олиш, маърифий исломни кенг тарғиб қилиш бугунги беқарор замонда жуда муҳимдир. Шу маънода Шавкат Мирзиёев ғоялари асосида бунёд этилаётган Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мазкур хайрли йўлда самарали платформа бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Кун сайин кескин глобаллашаётган, маданиятлар қоришиб кетаётган бугунги замонавий дунё халқлар ва давлатлар орасидаги чегараларни бир қадар шаффофлаштирди. Яъники, ҳар қандай муаммо бугун минтақа ёки бир мамлакат учун “мансуб”лигини йўқотиб, умумийлик касб эта бошлади. Шу маънода ёшлар масаласи эндиликда дунё ҳамжамиятини бирдек ўйлантирадиган муаммога айланди. Мазкур ўткир масала ҳам Президентимиз назаридан четда қолган эмас. Хусусан, у БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган эди. Айни вақтда халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳужжат ер юзидаги икки миллиард нафардан зиёд ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгалиги билан жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида турибди.

ДУНЁНИ ЎЗГАРТИРАЁТГАНЛАР

Туркиянинг етакчи иқтисодий нашрларидан бири бўлган “Derin Ekonomi” журналининг шарҳловчилари Ўзбекистон президенти ­Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг биринчи ўн нафар етакчиси рўйхатига киритди.

Таъкидланишича, “Derin Ekonomi” журнали рейтинги Туркиядаги бошқа бир етакчи нашр – “Yeni Єafak” газетасида ҳам босилди.

Мазкур рўйхатда муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан ўз мамлакатлари ва минтақаларидаги мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган ва бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон ­оммавий ахборот воситаларининг “ньюсмейкери”, яъни уларнинг диққат-эътибори объекти бўлиб қолаётган етакчилар номлари жой олган.

Дарҳақиқат, дунёни ҳамиша етакчилар, тарихий шахсларнинг муҳим қарорлари, оламшумул ташаббус­лари ўзгартирган. Туркиялик журналистларнинг бу юксак баҳоси замирида нафақат Ўзбекистон халқининг, балки улкан салоҳият ва инсон ресурсларига эга бўлган Марказий Осиё­­да истиқомат қилаётган миллионлаб минтақадошларнинг орзу-истакларига хизмат қилаётган тарихий аҳамиятга молик сиё­сат назарда тутилганига шубҳа йўқ.

Биз бугунги Ўзбекистон ҳаётининг руҳиятида ажиб бир кўтаринкилик, дунёга бўйлашув, дунёга намуна бўларлик эврилишларни кўрмоқдамиз. Бундан қалбларимизда ғурур ва ифтихор ҳисларини туймоқдамиз.

Ўзбекистон эртанги кун учун юксак марраларни кўзлаб одим ташлаётир. Бунда унинг етакчисидаги шаҳди, шиддати, жасорати асосий таянч бўлаётгани эса айни ҳақиқатдир.

Қудратилла РАФИКОВ сиёсатшунос

ЎзА 

Report Page