ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛИШДА ҚАЙСИ СОҲА ЭНГ ТАЛАБГИР?

ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛИШДА ҚАЙСИ СОҲА ЭНГ ТАЛАБГИР?

@Sirdaryo
Фото: Сирдарё вилояти ДСБ

Маълумки, 2020 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатимизда ўзини ўзи банд қилишнинг соддалаштирилган тартиби татбиқ этилди. Мазкур йўналишда давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган тарғибот-тушинтириш тадбирлари натижасида жорий йил 22 июль ҳолатига вилоятимизда ўзини ўзи банд қилганлар сони 5600 нафардан ошди.

Айни вақтда ўзини ўзи иш билан таъминлашга рухсат этилган 67 та фаолият тури бўйича Сирдарё вилоятида энг талабгир йўналиш – Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) бўлиб турибди. Мазкур йўналишда 1527 нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Бошқа йўналишлар: Маиший хизматлар (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) соҳасида эса 1337 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.

Саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) билан 730 нафар шахс шуғулланмоқда;

Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорлариша қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) 696 нафар фуқаро рўйхатдан ўтди;

Ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасини 1248 нафар шахс маъқул топган;

Ахборот комуникация йўналиши бўйича хизматлар (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларнии ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) 63 нафар шахс рўйхатга олинди.

Ўзини ўзи банд қилишнинг афзалликлари:
- меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди;
- ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун солиқ органига бориш шарт эмас. Бунинг учун смартфонингизда SOLIQ мобил иловаси бўлиши кифоя;
- бир йилда бир марта ижтимоий солиқ тўлайди (2020 йил учун энг камида 111 500 сўм);
- меҳнат стажига эга бўлади ва пенсия ҳисобланади;
- иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайди.
Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz портали орқали ҳам масофадан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш мумкин.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

Report Page